Латвия, Эстония, Литва ва Болгария жами йигирма нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишни эълон қилди. Бу ҳақда Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич маълум қилди.
Қайд этилишича, Ринкевич Россия элчихонасининг уч ходимининг чиқариб юборилишини "уларнинг дипломатик мақомига зид бўлган фаолияти" билан изоҳлади.
Литва, шунингдек, Россия дипломатик миссиясининг тўрт нафар ходимини “дипломатик мақомга тўғри келмайдиган фаолияти учун” чиқариб юбораётганини маълум қилди.
Эстониянинг сиёсий масалалар бўйича вице-канцлери Рейн Таммсаар Россия дипломатик миссиясининг уч ходимининг фаолияти “Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига зид” эканини айтди. “Учаласи ҳам Эстония хавфсизлигига путур етказишда ва Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини оқловчи ташвиқотни тарқатишда бевосита ва фаол иштирок этган”, — деди Эстония ТИВ.
Болгария ташқи ишлар вазирлиги россиялик 10 нафар дипломатни персона нон грата деб эълон қилди.






