1

Наврўз муносабати билан Кинематография агентлиги 10 га яқин янги фильмларнинг телепремьерасини тақдим этади

МАДАНИЯТ 20.03.2022, 09:34
Наврўз муносабати билан Кинематография агентлиги 10 га яқин янги фильмларнинг телепремьерасини тақдим этади

Янгиланиш ва яшариш айёми Наврўз байрами муносабати билан Кинематография агентлиги 10 га яқин янги фильмларнинг телепремьерасини тақдим этади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур телепремьералар Наврўз байрами кунлари юртдошларимизга муносиб туҳфа бўлиши кутилмоқда.

Байрам кунлари “Бир кунлик тўй”, “Орзулар қанотида”, “Ҳаёт афсунлари” бадиий фильмлари, “Инсон”, “Абдулла Орипов”, “Матонат мактаби”, “Covid-19: синовли кунлар” каби ҳужжатли фильмларнинг телепремьералари бўлиб ўтади.  

Шунингдек, Агентлик буюртмасига биноан суратга олинган “Ким деяй сени”, “Афв”, “Бир кунлик тўй” каби фильмлар кинотеатрларда намойиш этилмоқда.

Агентлик буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Жамилахон Пўлатованинг “Аёл қалби” кинокартинаси 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Киночилар уйида катта премьера қилинди ҳамда 18 март куни илк бор миллий телевизион намойишлари бўлиб ўтди.

Мазкур фильмда тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган фидойи шифокорларнинг касбий фаолияти ва тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Яна бир фильм режиссёр Шоҳрух Расуловнинг “Абдулла Орипов” ҳужжатли фильми “Халқ юраги” туркум фильмларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланади. 21 март адиб таваллудининг 81 йиллиги ҳамда Наврўз байрами муносабати билан телеканалларда намойиш этилади.  

“Халқ юраги” туркум фильмлари адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган 24 та шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган.  

Байрам туҳфаси сифатида тақдим этилаётган фильмларнинг телевизион премьералари 19 – 24 март кунлари мамлакатимизнинг давлат ва нодавлат телеканалларида бўлиб ўтади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1