АсосийЖАМИЯТ

Дин ва таълим: уйғунлик, муаммо ва ечим (фото)

Диний бағрикенгликни таъминлаш, бу борада юзага келиш эҳтимоли бўлган муаммо ва низоларнин...

'Дин ва таълим: уйғунлик, муаммо ва ечим (фото)'ning rasmi

Диний бағрикенгликни таъминлаш, бу борада юзага келиш эҳтимоли бўлган муаммо ва низоларнинг олдини олиш мураккаб масала. Бугунги глобаллашган ахборий муҳитда диний тушунмовчилик ёки миллатчилик ҳақидаги биргина хабар, янгилик нотинчликка йўл очиб бериши мумкинлиги бор гап. Бу каби вазиятларни олдини олиш ва жамиятдаги барқарорликни таъмин этишда энг муҳим омил саналган диний тенглик ва миллатпарварлик масаласини аҳоли вакилларига тўғри етказиш ҳамда турли конфессиялар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, дўстона муносабатларни йўлга қўйишда диний ва таълимнинг уйғунлиги катта аҳамият касб этади. Таъкидлаш жоиз, аҳоли ўртасида диний бағрикенглик маданиятини шакллантиришда Дин тарихи фанининг ўрни катта. Бу дарслар ёшларнинг нафақат тарихий маълумот ва билимга эга бўлишида балки, бағрикенг шахс сифатида шаклланиши, миссионерлик ёки экстремистик ҳаракатларга қўшилиб қолмаслиги учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. 

Абадий дўстлик ва ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига муносиб ҳиссамизни  қўшамиз - Халқ сўзи

Дарҳақиқат, йиллар давомида шаклланиб келган қадрият ва урф-одатларни сақлаб қолиш, шунингдек, бу меросни келгуси авлодларга етказишда тарбия баробарида таълимнинг ҳам ўрни катта.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси миллий этник жиҳатдан ўзига хос хусусиятга эга. Айни вақтда Ўзбекистон худудида ўз маданияти ва  анъаналарига эга бўлган 130 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Уларнинг ўзаро ҳамкорликда ва тинч-тотув ҳаёт кечириши учун мамлакатимизда тенгҳуқуқлилик тамойилларига олий мезон сифатида амал қилиб келинмоқда.

Биргина мисол, бугун республикамиздаги таълим муассасаларида, жумладан, олий ўқув юртларида ҳам турли миллатга мансуб талабалар таҳсил олади. Дунёнинг камдан кам мамлакатларида кузатиладиган хусусиятлардан бири бўлган турли тилларда таълим бериш Ўзбекистонда йўлга қўйилган. Бугунги кунда мамлакатда таълим 7 тилда олиб борилади. Булар сирасига ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, қозоқ, туркман, тожик ва қирғиз тилларини ҳисобланади. Яна бир диққатга молик жиҳат – Республикадаги оммавий ахборот нашрлари ҳам турли тилларда чоп этилади, қардош халқлар тилида радио ва телекўрсатувлар тайёрланаётгани Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик баробарида диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий стратегияси эълон қилинди

Шу ўринда диний мавзудаги энг катта муаммолардан бири бўлган миссионерлик масаласига тўхталсак. Бу ҳаракат турли йўллар орқали фуқароларни ўз динига ўтказишга интиладиган гуруҳлар томонидан амалга оширилади ва аксарият ҳолларда бу каби тузоқларга диний билимга эга бўлмаганлар ёки ёшлар илинишади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, динини ўзгартираётган шахслар (прозелит)ларнинг кўпчилиги ушбу дин ақидаларини чуқур тушуниб қабул қилмаяпти, аксинча, миссионер томонидан қўлланилган усул таъсири остида эътиқодини ўзгартирмоқда. Афсуски, бу каби ҳаракатлар бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам тобора урчиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда миссионерлик фаолиятида қўлланилаётган асосий усуллар қуйидагилардан иборат:

– ёшларга чет тилларини, компьютерда ишлашни ўргатиш баҳонасида ўқув курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш;

– хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш;

– болалар ва ўсмирларни ёз фаслида чекка ёки тоғли ҳудудлардаги дам олиш лагерларига жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;

– хайрия ёрдами (пул, дори-дармон, кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш) кўрсатиш, уй таъмирлашда кўмак бериш давомида миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш;

– бепул тиббий ёрдам кўрсатиш баҳонасида беморга таъсир ўтказиш;

– черковларда бепул овқат тарқатиш.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга эчки, сигир олиб бериш, байрам кунлари маҳаллаларда болаларга совғалар тарқатиш, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида байрам столлари ташкил этиш, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг мураккаб экологик ҳолат мавжуд ҳудудларида “ичимлик сувини яхшилаш”, “бола ва оналарнинг саломатлигини мустаҳкамлаш” каби кўринишидан хайрли мақсадларга йўналтирилган дастурлар ниқобида ҳаракат қилиш ҳам кузатилмоқда.

Бу каби гуруҳлар таъсирига тушмаслик учун аҳолида ҳар бир дин ҳақида тўғри тасаввур ва фикр уйғота олиш лозим. Айнан шу борадаги хабардорликни оширишда дин таълими мавзуси бирламчи ўринга эга. Ўқувчи-талабаларда динга нисбатан соғлом муносабатни шакллантириш бугунги кунда таълим тизимининг барча буғинлари олдида турган энг мураккаб ва мухим вазифалардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги диний таълим масаласида Норвегия, Дания, Нидерландия, Италия, Финляндия, Греция, Бельгия ва АҚШ тажрибасини ўрганиб чиққан. Виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати масалаларини тушунтириб берувчи босма ва видеомаҳсулотларни тайёрлаш борасида ишлар олиб борилган. Хусусан, 11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Дунё динлари тарихи” дарслиги мана шу тажрибалар асосида тайёрланган.

Dunyo dinlari tarixi 11-sinf - Apps on Google Play

Дунё аҳолисининг 83 фоизи эътиқод эркинлиги чекланаётган ёки хавф остида қолган мамлакатларда истиқомат қилаётган бир пайтда Ўзбекистон диний бағрикенглик қарор топган мамлакат сифатида дунё ҳамжамиятида ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 12 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессияси минбаридан илгари сурган халқаро ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция қабул қилинди. 

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади. Ҳужжатда динлар, маданиятлар ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда айрим шахсларга нисбатан дин ва эътиқод замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланиши, шунингдек, барча аъзо давлатларнинг фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш кўрсатиб ўтилган.

Хулоса қилиб айтганда, дунё ҳамжамияти учун катта хавф туғдираётган экстремистик, террористик, миссионерлик, радикализм, мутаассиблик каби динни ниқоб қилган ҳаракатларга қарши тура олиш ва аҳоли ҳамда ёшлар ўртасида бу муаммолардан хабардорлик ҳиссини оширишда Дин назариясини таълим муассасаларида тўғри ўқитиш энг самарали йўл ҳисобланади. Онгли мавжудотлар яъни инсонлар оқни қорадан ажрата олар экан, ўзига ва жамиятга зарар келтириши мумкин бўлган хатолар қилишдан тийилади.

Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар