АсосийJamiyat

Ўзбекистонлик хунармандлар Ҳиндистондаги фестивалда иштирок этмоқда

'Ўзбекистонлик хунармандлар Ҳиндистондаги фестивалда иштирок этмоқда'ning rasmi

2022 йилнинг 19 мартидан 4 апрелига қадар Ҳиндистоннинг Харяна штатида ҳар йили ўтказиладиган 34-халқаро “Суражкунд Мела” анъанавий ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда, унда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тақдимоти билан иштирок этмоқда. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фестивалда ҳар йили Ҳиндистоннинг барча ҳудудлари ва дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларидан ҳунармандлар, шунингдек, 1,5 миллиондан ортиқ сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли иштирок этади.  "Суражкунд Мела" дунёдаги энг йирик ҳунармандчилик фестивалларидан бири бўлиб,  ушбу фестивал мамлакатимизнинг миллий ҳунармандчилиги, миллий таомлари, шунингдек, халқ амалий санъати намуналарини намойиш этиш имконини беради.

Унда Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларидан келган миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар, халқ артистлари, раққосалар ўз маҳоратларини намойиш этиб, маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг эътиборини тортди.

Шунингдек, павилон ҳудудида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ўзбекистон-Ҳиндистон туризм ассоциацияси мутасаддилари иштирокида Ўзбекистон сайёҳлик бурчаги ҳам ташкил этилди.  Фестивал доирасида вазирлик томонидан Ҳиндистоннинг туризм соҳаси тадбиркорлари ва инвесторлари билан учрашувлар ташкил этилди.

    Бошқа янгиликлар