Қирғизистоннинг Ўш аэропорти орқали икки килограммга яқин тилла тақинчоқларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати асосида 24.kg маълум қилди.
Қайд этилишича, давлат чегарасидан қимматбаҳо металларни ноқонуний олиб ўтган тўрт нафар шахс қўлга олинган.
Мазкур факт Ўш вилояти ИИБ электрон журналида қайд этилиб, тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига бориб, тегишли материалларни ўрганиш учун тўплади.

Қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларидан билагузук, узук, бўйинбоғ кўринишидаги тилла тақинчоқлар олиб қўйилди. Жами 1 килограмм 972 грамм қимматбаҳо буюмлар олиб қўйилган.
Айни вақтда қўлга олинган тилла тақинчоқларни харид қилиш жойлари ва манзилини аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлари олиб борилмоқда.






