1

​Дунёда коронавирус пандемияси яна кучаймоқда - ЖССТ

ЖАМИЯТ 24.03.2022, 12:54
​Дунёда коронавирус пандемияси яна кучаймоқда - ЖССТ

Шу кунларда қатор мамлакатларда коронавирусга чалинаётган беморлар сони бармоқ билан санарли. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам! Аммо дунё миқёсидаги умумий статистик таҳлиллар бунинг аксини кўрсатмоқда. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, кетма-кет икки ҳафта давомида ер юзида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари ошиб боряпти. Масалан, ўтган ҳафтада ўсиш кўрсаткичлари 7 фоизни ташкил этиб, жами 12 миллиондан зиёд киши бу хавфли инфекцияни юқтирган.

Шунга қарамай, коронавирусдан ўлим даражаси пасайишда давом этмоқда. Масалан, 14-20 март саналарида касаллик туфайли қарийб 33 минг бемор ҳаётдан кўз юмган. Бу 7-13 март саналарига қиёслаганда 23 фоиз кам кўрсаткичдир.

Коронавирусни юқтириш билан боғлиқ сезиларли ўсиш тенденцияси Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида кузатилган — 21 фоиз. Хитой, Япония, Вьетнам, Филиппин, Австралия ва Камбоджа шулар жумласидан. Европанинг 53 мамлакатида эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда.

Қолган минтақаларда касалланишлар сони камайди. Айниқса, Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаси давлатларида кескин пасайиш қайд этилган — 41 фоиз. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида эса бу кўрсаткич 23, Африкада 33 ҳамда Жанубий ва Шимолий Америкада 17 фоизни ташкил этди.

Ўтган ҳафтада коронавирус ташхиси қўйилган энг кўп бемор Корея Республикасида рўйхатга олинган — 2,8 миллион нафар. Иккинчи ўринни 1,9 миллионга яқин кўрсаткич билан Вьетнам давлати банд этди.

Германия эса учинчи ўринда — мамлакатда 1,5 миллиондан зиёд одам коронавирусни юқтирган. Тўртинчи ўринни 583 мингга яқин ҳолат билан Франция, бешинчи поғонани эса 513 мингдан ортиқ бемор билан Австралия эгаллади.

Жаҳонда COVID-19дан ўлим кўрсаткичларининг катта қисми Россияда қайд этилди — қарийб 3,7 минг нафар. Иккинчи ўринда — АҚШ. Мамлакатда ҳафта давомида 3,6 мингдан зиёд бемор хасталикдан вафот этди. Бразилияда эса бу кўрсаткич 2,2 минг нафарни ташкил этди.

Шу билан бирга, Жанубий Кореяда 2 минг нафардан ортиқ ҳамда Хитойда 1,9 минг нафар бемор коронавирус қурбонига айланди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1