Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти олимлари қулупнайнинг янги – “Тонг ифори”yи яратди. Таъкидланишича, иссиқхонада етиштириш учун қулай бўлган ушбу нав республика ички бозори ҳамда экспорти учун мўлжалланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
"Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу мевани йил бўйи очиқ майдонлар ҳамда иссиқхоналарда етиштириш учун барча зарур шароитлар мавжуд. Бу жараён Жанубий Корея ва Хитой мутахассислари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилиб, ўзаро тажриба алмашилмоқда", дейилади хабарда.
Илгари бозорда фақат хорижий етказиб берувчилардан чет эл валютаси ҳисобига харид қилинадиган юқори ҳосилдор импорт навлари бор эди. Қулупнайнинг “Тонг ифори” нави мазкур илмий-тадқиқот институти олимларининг изланишлари натижасидир. Ушбу нав кўчатларини Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтидан харид қилиш мумкин.
“Тонг ифори” нави иссиқхонада етиштиришга мослаштирилган. Ўсимликнинг ўсув даври 193-200 кун, биринчи теримгача бўлган муддат мўътадил иқлим шароитида 107-115 кунни ташкил этади. Мевасининг ранги оч қизил, ҳар бирининг вазни 20-25 граммгача келади. Меваси таркибида қуруқ модда миқдори 10,8 фоиз (10,2-11,2), қанд 9,5 фоиз (7,2-7,8), аскорбин кислотаси 100 г маҳсулотда 66,98 (54,8-68,0) мг, нитрат миқдори 68 мг/кг. Ҳосилдорлик кўрсаткичи 1,8-2,2 кг/м2 дан иборат.
Бугунги кунда дунё миқёсида резавор мевалар етиштириш ҳажми йилига 7-8 млн тонна бўлиб, шундан 4 млн тоннага яқинини қулупнай ташкил қилади. Қулупнай (Фрагариа спп) етиштириш бўйича жаҳонда АҚШ етакчилик қилиб, йилига 825 минг тонна ҳосил олинади. Испанияда 305 минг тонна, Японияда 209 минг тонна, Жанубий Кореяда 203 минг тонна қулупнай етиштирилади. Европада эса Полша ва Франсия етакчилик қилиб, улар ҳар йили 100-180 минг тонна маҳсулот олади.
Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатимизда жами 690 гектар майдонда (578 гектар аҳоли томорқа майдонлари, 112 гектар фермер хўжаликларида) ҳар йили ўртача 7 минг тоннадан ортиқ қулупнай етиштирилади. Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд вилоятлари эса янги қулупнайни бозорларга етказиб бериш бўйича етакчи ҳудудлар ҳисобланади.






