1

Қирғизистон Адлия вазирлиги делегацияси билан учрашув ўтказилди

ЖАМИЯТ 26.03.2022, 08:13
Қирғизистон Адлия вазирлиги делегацияси билан учрашув ўтказилди

Кеча, 25 март куни адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов Қирғизистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Алмазбек Зарилбек Ўғли билан учрашди.

Учрашув Қирғизистон Республикаси Адлия вазирлиги делегациясининг жорий йил 25 март куни бўлиб ўтаётган «Озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чораларини қўллаш» мавзусидаги минтақавий конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкиллаштирилди.

Учрашув давомида мехмонларга мамлакатимизда изчил равишда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан адлия тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда модернизация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Алмазбек Зарилбек Ўғли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, Қирғизистон Республикаси адлия соҳасидаги янгиликлар билан ўртоқлашди.

Шунингдек, Қирғизистон делегацияси томонидан Ўзбекистонда хусусий нотариат институтини жорий этиш амалиёти, юридик хизматларни мувофиқлаштириш соҳаси, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими «Э-қарор»ни ўрганишга қизиқиш билдирилди.

Томонлар адлия ва ҳуқуқ соҳаларида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Учрашув дўстона руҳда ўтди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1