1

Тошкентда солиқ чеки берилмагани ҳақида хабар юбораётган фуқаролар "самосуд" қилингани юзасидан ИИББ маълумот берди

ЖАМИЯТ 26.03.2022, 15:04
Тошкентда солиқ чеки берилмагани ҳақида хабар юбораётган фуқаролар "самосуд" қилингани юзасидан ИИББ маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар бошқа фуқаролар томонидан “самосуд” қилинаётганлиги, сўроққа тутилаётганлиги акс этган видеолар тарқалмоқда.

Тарқалаётган видеолардаги изоҳларда "Тадбиркордан "кеш бек" чекини ўзлари олмасдан мобил солиқ иловасига "чек бермади" деб ариза юборувчилар шу кунларда жуда ҳам кўпайиб кетибди! Мобил иловага чек бўйича ариза тушса тамом! Тадбиркор энг камида имтиёз билан 2,5 МЛН сўм жаримага тортилади. Бу ундурилган жаримадан 500 000 сўми эса мобил иловага ариза юборган одамга "совға" қилиб берилади. У эса тадбиркорларни кўпроқ овлашда давом этади. Чек олмайди ва иловага ариза юбораверади", дейилади. 

Мазкур ҳолатлар тадбиркорлар ва фуқаролар ўртасида жанжалларни келтириб чиқармоқда. 
Аниқланишича, ҳолатлардан бири Бектемир туманида содир бўлган. Фуқаролар 1990 йилда туғилган П.С. ва 1991 йилда туғилган К.Ф. жорий йилнинг 18 март куни 2003 йилда туғилган А.Р.ни дўконларига харидор сифатида кириб, дўкон ходимлари харид қилинган маҳсулот учун тўлов варақаси (чек)ни бермаганлиги юзасидан ушбу дўконларнинг “QR-кодини” сканер қилиб “Солиқ ҳамкор” саҳифасига юборганлиги учун турли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Бундан ташқари, 20 март куни Сергели туманида бир нечта фуқаролар 1997 йилда туғилган Л.Ф.ни дўкон ходимлари харид қилинган маҳсулот учун тўлов варақаси (чек)ни бермаганлиги бўйича маълумотларни солиқ идораларига бераётганликда айблашган. Сўнг фуқаролар 1984 й.т.Д.Ғ., 1998 й.т.Х.А., 1983 й.т.У.Л., 1981 й.т.Н.Н., 1990 й.т.Х.С. ва бошқалар Л.Ф.ни турли сўзлар билан ҳақоратлаб, шовқин кўтариб жамоат тартибини бузишган.

Ҳозирда ушбу фуқароларга нисбатан ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-модда (“Ҳақорат қилиш”), 183-модда (“Майда безорилик”), 200-модда (“Ўзбошимчалик”)лари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳурматли фуқаролар! “Солиқ ҳамкор” дастурининг ишга туширилишидан мақсад истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, тадбиркорларнинг қонунга риоя этган ҳолда ишлашларини таъминлашга қаратилган. Агар тадбиркорлар уларга юборилган жаримадан норози бўлса, солиқ идораларига шикоят қилишлари мумкин, уларнинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1