АсосийJamiyat

“Марказий Осиёнинг инвестициявий салоҳияти” мавзусида панель мунозараси бўлиб ўтди

'“Марказий Осиёнинг инвестициявий салоҳияти” мавзусида панель мунозараси бўлиб ўтди'ning rasmi

Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунида “Марказий Осиёнинг инвестициявий салоҳияти” мавзусида панель мунозараси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва савдо вазирлиги хабар берди.

Мунозара иштирокчилари Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ҳукуматлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ошириш, шунингдек мазкур йўналишлардаги самарали усуллар ҳақида фикр алмашди.

Мунозара модераторлигини Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татьяна Проскурякова бажарди. У баҳсни нима учун инвесторлар муайян мамлакатга инвестиция киритиши кераклиги ҳақидаги саволдан бошлади, спикерлар эса ўз нуқтаи назари билан бўлишди.  

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири  Сардор Умурзаков Марказий Осиё давлатлари “бир мамлакатнинг мағлубиятидан иқтисодий манфаат кўриш” тамойилидан узоқлашиши кераклигини таъкидлади.

 – Сўнгги йилларда қўшни мамлакатлар билан бизнинг ўртамизда долзарб аҳамият касб этган масалалар кун тартибидан олинди. Бироз олдинроқ Ўзбекистон Афғонистон орқали тизимли равишда Покистон билан савдо ҳажмларини оширишини ҳеч ким тасаввур қилмаган. Ҳозир Карачи портидан юкларни 4 кунда етказиб беришмоқда. Ўтган ҳафта эса биз Ҳиндистон билан юк алмашишни йўлга қўйдик. Бу кундан самарали фойдаланиш ва ҳамкорликда ишлаш лозим, - таъкидлади Сардор Умурзаков.

Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазири Каирбек Ускенбаев форумнинг Ўзбекистон Президенти иштирокида ўтган биринчи кунидаги тадбирлар кетма-кетлигида тилга олинан инвестициявий лойиҳаларга тўхталиб ўтди. “Қозоғистон инвесторлари учун қонунчилик даражасида кафолатланган барқарорлик ва хавфсизлик устувор аҳамиятга эга”, - деди спикер.  

Иқтисодий масалалар бўйича Тожикистон президентининг ёрдамчиси Неъматулло Ҳикматуллозода инвесторлар сиёсий барқарорликдан тортиб, молиявий сармояларгача бўлган кўплаб омилларни ҳисобга олишини таъкидлади. Давлат сектори вакили Тожикистонда яратилаётган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, бу давлатда камбағаллик даражаси икки баробар қисқартирилгани, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес улушида ўсиш қайд этилганини айтди. Тожикистоннинг стратегик мақсадларидан бири – фаол саноатлаштириш. Бундан ташқари, ҳукумат даражасида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва янги инвестициявий имкониятлар яратиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам форумнинг ялпи йиғилиши чоғида мамлакатимиздаги инвесторлар учун қулай ва жозибадор шарт-шароитлар яратиш ҳамда хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида гапириб ўтди.

– Айни пайтда ушбу форумнинг аҳамиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. У Ўрта Осиёда Давос форуми муқобилига айланишига тилакдошмиз, – деди Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Азиз Аалиев.

У Ўзбекистон Президентининг хусусий бизнесга тақдим этилаётган сиёсий кафолатлар ҳақидаги сўзларини таъкидлади. Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрилаётгани тўғрисида гапирар экан, Азиз Аалиев бу мамлакатга инвестиция киритишнинг ишончли омили эканлигини айтди.

Қирғизистондаги инвестициялар соҳасидаги афзалликлар ҳақида сўзлар экан, у валюта бозорлари либераллаштирилиши, Хитой билан ҳамкорлик, амалдаги ва режадаги транзит йўлакларини санаб ўтди.

– Биз Ўзбекистондаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан илҳомландик, – таъкидлади Азиз Аалиев. Бу, хусусан, Араб Амирликларининг Masdar, шунингдек, Саудия Арабистонининг ACWA Power лойиҳалари. Қирғизистонда ҳам шундай тажрибани амалга оширишни хоҳлаган бўлар эдик. Мамлакатларимизда туризмни ривожлантириш салоҳияти мавжуд, Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб ҳамкорликдаги йўналишларни ташкил этишимиз мумкин.

Мунозарага якун ясар экан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков минтақа мамлакатларини бирлаштирувчи интеграциялашган инвестициявий макон яратиш ташаббусини илгари сурди. У Марказий Осиёнинг барча давлатлари иқтисодиётлари у ёки бу соҳа ва йўналишлар ихтисослашувида ўзига хос ва бетакрор эканлигини таъкидлади.

– Бизнинг устунлигимиз шундаки, иқтисодиётларимиз ўзаро рақобатчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи, аниқроқ айтганда, бир-бирини тўлдириши керак. Бу минтақамиз мамлакатларига кўпроқ инвестиция жалб қилиши мумкин бўлган кучли томонимиз. Бизда фойдаланиш мумкин бўлган кўплаб “ўсиш нуқталари” мавжуд, – эътироф этди вазир.

Шулардан бири – ўзаро савдодаги тўсиқларнинг бартараф этилиши. Бутун дунё озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи билан шуғулланаётган бир даврда бу долзарб.

– Марказий Осиё мамлакатлари билан биз юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни яратиш учун саноат кооперацияси устида ишлаяпмиз, – деди Сардор Умурзаков. – Бизда аниқ мисоллар, муваффақият ҳикоялари бор, аммо бу ҳали дастлабки қадамлар. Биз иқтисодиётларнинг барча афзаллик ва камчилик томонларини таҳлил қилиб, имкониятларимизни ўзаро яқинлаштиришни таъминлашимиз ва бу таклифлар билан тадбиркорларга мурожаат қилишимиз лозим. Марказий Осиё мамлакатларидан айрим ҳамкасбларимиз билан бундай лойиҳаларни молиялаштириш моделларини яратдик. Масалан, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳамкорликдаги ривожланиш жамғармалари мавжуд. Биз “соатларни созлаш” учун шу каби форумларда кўпроқ йиғилишимиз керак.

Бош вазир ўринбосари, шунингдек, форум имкониятларидан иштирокчи мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича “Йўл хариталари” тузишда фойдаланишни таклиф қилди.

– Мамлакатларимиз орасида шарт-шароитлар синхронлиги бўлгандагина улар иқтисодий жиҳатдан жозибадор бўлади. Ўрта Осиё давлатларида лойиҳаларни амалга ошириш, яратилаётган иш ўринлари, камбағалликка барҳам бериш соҳасидаги ютуқлар, “жаҳон устахонаси” яратиш борасида етакчига айланиш учун шароитлар етарли. Мисол учун, биз Самарқандда индустриал зона бунёд этаяпмиз ва у ерда қўшни мамлакатлар вакиллари саноат лойиҳаларни ишга тушириши мумкин бўлади. Биз биргаликда ишлашимиз керак. Биз ушбу рақобатчи устувор йўналишлар – савдо, саноат ва аграр соҳасида кооперация, шунингдек, транспорт йўлаклари ва логистик имкониятлар бўйича ҳамкорликдан фойдаланишимиз мумкин. Бу салоҳиятимизни очиш калитидир. Бу ҳақиқатдан ҳам ўз самарасини беради.

Туркий давлатлар ташклоти Бош котиби Бағдод Амреев Марказий Осиё мамлакатларининг махсус жамғарма доирасидаги фаолиятини бошқариш заруратини таъкидлади. У шунингдек хизмат кўрсатиш ва инвестициялар соҳасида эркин савдо тўғрисида ҳамкорликдаги ҳужжатни яратиш аҳамиятини эътироф этди. «Барчаси инфратузилмага боғлиқ, – деди спикер. Инсон капитали, шунингдек, менежмент муҳим аҳамиятга эга».

– Кеча Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон имкониятларини тўлиқ очиб берди. Биз президент қучли жамоага эга эканлигини таъкидладик. Бундай етакчиларга ҳозирги кунда, айниқса, эҳтиёж катта, шунинг учун биз мамлакат тараққиётига ишонч билан қараймиз. Дарвоқе, Туркий давлатлар ташкилотининг кейинги саммити Ўзбекистонда бўлади, – деди Бағдод Амреев.

Халқаро молия корпорациясининг операцион фаолият бўйича катта вице-президенти Стефани фон Фридебург Марказий Осиё инвестициявий салоҳиятини очишда инфратузилмани ривожланитириш, темир йўл ва автомобиль магистралларини ташкил этиш, бизнес-инвесторлар учун шароитларни яхшилаш каби устувор йўналишларни қайд этди. У барча трансформацион жараёнлар шаффоф ва тушунарли бўлиши кераклиги, бу, айниқса, божхона ва солиқ сиёсати ҳамда бошқа жиҳатларга тааллуқли эканини таъкидлади.

Япония халқаро ҳамкорлик банки раиси ўринбосари Нобумицу Хаяши: «Бизнинг банкимиз юз фоиз давлат банки ҳисобланади. Мижозларимиз – Япония, Хитой, Ҳиндистон, шунингдек АҚШ тадбиркорлари, аммо у ерда Марказий Осиё мамлакатлари йўқ. Келажакда минтақа давлатлари ушбу рўйхатга киришига ишончим комил».

Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган ТХИФ ўз майдонида 56 мамлакатдан иштирокчиларни жамлади, улар Ўзбекистоннинг  инвестициявий, савдо-иқтисодий ва саноат салоҳияти, минтақавий ва глобал савдо алоқалари, инвестицияларни жалб қилиш механизмларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.

    Бошқа янгиликлар