Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида “Қорадори–2026” тадбири доирасида вертолёт ёрдамида ўтказилган тезкор рейдлар давомида 18 мингдан ортиқ кўкнори ва каннабис аниқланди. Айрим фуқаролар томорқасида минглаб туп тақиқланган ўсимликлар етиштириб келингани маълум бўлди.
Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида гиёҳвандликка қарши кураш доирасида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 18 мингдан ортиқ кўкнори ва каннабис ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, “Қорадори–2026” тезкор-профилактик тадбири доирасида ИИВ ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида вертолёт орқали назоратли учишлар амалга оширилган.
Тадбирлар давомида жами 76 та ҳолатда 18 минг 254 туп кўкнори ва 254 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланган. Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан кўкнори сомони, кўкнори бошоғи ҳамда “марихуана” сақлаб келингани ҳам фош этилган.
Қайд этилишича, энг йирик ҳолатлардан бири Фарғона вилоятининг Боғдод туманида аниқланган. 1981 йилда туғилган фуқаро ўз томорқасида 5 минг 415 туп кўкнори етиштириб келаётгани маълум бўлиб, гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, Қува туманида бир аёл ўз уй хўжалигида 4 минг 600 туп кўкнори парваришлаётгани маълум бўлган. Текширув вақтида хонадондан кўкнори бошоқлари ҳам топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Марғилон шаҳрида ўтказилган тадбирда эса 1964 йилда туғилган фуқаро томонидан 3 минг 815 туп кўкнори етиштирилаётгани аниқланган. Шунингдек, унинг уйидан 2 килограмм кўкнори сомони ҳам топилган.
Тошкент вилоятидаги ҳолатлардан бирида қарийб 80 ёшли аёл ўз томорқасида 400 туп кўкнори парваришлаб келаётгани аниқланган. Унинг уйида ҳам гиёҳвандлик воситалари сақланаётгани маълум бўлган.
ИИВ маълумотига кўра, аниқланган барча гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси — тақиқланган экинларни етиштириш билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






