Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Президенти Масацугу Асакава билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Инвестициялар ва савдо вазирлиги хабар берди.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартиби, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, уларни жадаллаштириш чора-тадбирлари ҳамда муносабатларни кенгайтиришнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Банк раҳбари Форумнинг ташкилий даражасини юқори баҳолаб, унинг мамлакатдаги инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, шунингдек, ҳамкор давлатлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлади.
Шунингдек, у Форум доирасида Ўзбекистон учун “Мамлакат платформаси” йиғилиши ўтказилишини олқишлади ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда донорлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан муносабатларни мувофиқлаштириш орқали платформа фаолиятининг самарадорлигини оширишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Томонлар алоҳида тартибда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар. ОТБ раҳбари Ўзбекистоннинг хотин-қизлар бошчилигидаги компанияларнинг молиявий ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган «We-Fi» аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурига қўшилишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ОТБ томонидан Ўзбекистондаги тижорат банкларига тақдим этилаётган ишбилармон аёлларни қўллаб-қувватлаш учун кредит линияларини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, электр энергиясини тақсимлаш, сув таъминоти тизимларини қуриш ва модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва транспорт каби соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар кун тартибида соғлиқни сақлаш соҳаси алоҳида ўрин эгаллади – Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқишга ОТБни жалб этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг амалдаги йўналишлари бўйича доимий мулоқотни давом эттириш ва янгиларини илгари суришга келишилди.






