1

Наврўзга туҳфа: Ўзбекистон бўйлаб 10 та МТТ фойдаланишга топширилди

ЖАМИЯТ 29.03.2022, 09:01
Наврўзга туҳфа: Ўзбекистон бўйлаб 10 та МТТ фойдаланишга топширилди

Натижада 1500 нафар бола қамраб олингани маълум қилинди.

Мактабгача таълим вазирлиги бу ҳақда хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Наврўзга туҳфа сифатида Қашқадарё вилоятида ҳам 3 та МТТ фойдаланишга топширилди.

Хусусан, марказдан анча узоқда жойлашган Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги "Ғелон" маҳалласида 22-давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Таъкидланишича, ушбу ташкилот 120 ўринга мўлжалланган

Шунингдек, Яккабоғ тумани "Чинобод" МФЙда 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилган. Қарийб 4 миллиард сўм эвазига ташкил этилган мазкур боғча 150 ўринга мўлжаллангани айтилади.

Шу билан бирга, Деҳқонобод туманининг "Отқамар" маҳалласида ҳам 120 ўринга мўлжалланган 11-давлат мактабгача таълим ташкилоти биносининг фойдаланишга топширилиши байрам кунларига тўғри келган.

Қайд этилишича, байрам арафасида Тошкент шаҳрида ҳам янги МТТ болажонларга эшигини очган.

"Мисол учун, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тасарруфидаги Чилонзор туманида жойлашган 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 1960 йилда қурилган бўлиб, 2020 йил инвестиция дастури асосида таъмирланди. 360-ўринга мўлжалланган ушбу ташкилотда таъмирлаш ишларидан сўнг қўшимча равишда умумий ошхона, спорт ва мусиқа заллари қуриб топширилди",-дейилади хабарда.

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани "Жозиба" маҳалласида инвестиция дастури асосида 21-сонли мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилгани, туман марказида узоқда жойлашган ушбу МТТнинг аввалги қамрови 50 ўринни ташкил этган бўлса, ҳозирда 150 ўринга мўлжаллангани таъкидланмоқда.

Фарғоналиклар ҳам байрамни янгиликсиз кутиб олишмади. Хусусан, Ўзбекистон тумани "Қайнарбулоқ" маҳалла фуқаролар йиғини Элаш қишлоғида жойлашган 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг биноси янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилдган.

Боғчанинг мавжуд эски биноси ўрнида умумий қиймати 520 миллион сўмлик лойиҳа ҳисобига 120 ўринли кўркам бино қад ростлаган.

Умумхалқ байрами муносабати билан, шунингдек, Андижон вилояти Бўстон тумани Янгиобод маҳалласида жойлашган 9-давлат мактабгача таълим ташкилоти очилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида ҳам 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Ташкилотнинг 3 млрд 30 млн сўм ажратилган бўлиб, 90 ўринга мўлжалланган.

" "Обод"қишлоқ дастури доирасида Наманган вилояти Чуст туманининг икки маҳалласида, ҳар бири 120 ўринли, лойиҳа қиймати эса, қарийб уч ярим миллиард сўмдан, жами 7 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган 2 та – 25-сонли ҳамда 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди",-дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1