Маълумотларга кўра, 1996-2020 йилларда ўтказилган Олимпия ўйинларида бокс бўйича 61 нафар спортчимиз қатнашиб 15 та медалга эга бўлган. Спорт гимнастикаси бўйича 11 нафар спортчи қатнашиб, 1 та медаль қўлга киритилган. Табиийки, бу ютуқлар салмоғини сезиларли даражада ошириш имкони мавжуд. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев айни шу имкониятларни юзага чиқариш учун “Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларни имзолади. Ушбу ҳужжатлар билан ташкил этилаётган ихтисослашган мактаблар олдига юртимиз спортчилари орасидан халқаро даражадаги боксчи ва гимнастикачиларни тайёрлаш вазифаси қўйилмоқда.
“Бу икки спортчининг елкасига масъулиятдир”
Шаҳрулло Маҳмудов, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари:
— Қарорнинг мақсад ва вазифалари шундан иборатки, Ўзбекистон спортининг афсоналари Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловлар эришган натижаларни, уларнинг бор билимларини, тажрибаларини ёшларга сингдиришдир. Катта спортда юқори натижага эришган спортчиларимиз, албатта, ўзининг ортидан минглаб ёшларимизни етаклайдилар. Чунки уларга ҳавас қиладиган ота-оналар, ёшлар бир қанча. Бу икки спортчи номига мактаб очилишининг ўзи бир катта масъулият. Чунки бу икки спортчининг елкасига ҳам ўзларига ўхшаган спортчиларни давлатимизга тарбиялаб беришдек масъулият юклатилади.
“Бу жуда катта ифтихор ва...”
Баҳодир Жалолов:
— Президентимиз билан учрашганимизда, Худо хоҳласа, Баҳодир Жалолов бокс мактабини очишимиз керак, деганларида бу ишончдан жудаям фахрланганман. Бу жуда катта ифтихор, деб бемалол айта оламан. Бу масъулият менга юклатилган экан, қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Ўзимдаги тажрибамни ёшларга беришга, бор имкониятларимни улар учун ишга солишга ҳаракат қиламан. Юртбошимизнинг бизга қилган эътиборларини мана шу мактабдан кўплаб жаҳон ва олимпиада чемпионларини чиқариб оқлаш ниятидаман.
Мактабга Ўзбекистондаги барча кучли мураббийларни, халқи, ватани учун хизмат қиладиган яхши спортчиларни танлаб олишни режалаштирганман. Ёшлар билан ўзим биргаликда машғулот олиб бориш ва ўзимда бор нарсани уларга бериш учун ҳаракат қиламан. Чемпион дўстларим билан биргаликда ўзимиздаги бор нарсани беришга ҳаракат қиламиз.
МАЪЛУМОТ УЧУН: Айни вақтда мамлакатимиздаги 262 та спорт мактабида 1289 нафар мураббий ¿ºл остида 31 259 нафар ёшлар бокс билан. 55 та спорт мактабларида 195 нафар мураббийлигида 4453 нафар ёшлар спорт гимнастикаси билан мунтазам шу¢улланиб келмоқда.
“Мактабнинг очилиши спортчи учун энг катта совға”
Оксана ЧУСОВИТИНА:
— Аввало, Президентимизга раҳмат айтмоқчиман. Барча шароитларга эга ихтисослаштирилган мактабнинг очилиши спортчининг қилган меҳнатлари учун энг катта совға. Менинг асосий вазифам имкон қадар ёшларни ушбу спортга қамраб олишдир. Яхши селекция ишларини йўлга қўйишдан иборат. Улар машғулотлар ва таълим жараёнларини параллел равишда олиб боришади.
Ҳар бир спортчига индивидуал ёндашиш зарур. Бунинг учун мураббий унинг иқтидорини намойиш қилиши учун ишлаши керак.
Хориждан тажрибали мураббийларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Биз айнан биргаликдаги ҳаракатлар орқали яхши натижаларга эришамиз.
БУ МАКТАБЛАР ҚАЧОН ИШ БОШЛАЙДИ?
Масъулларнинг маълум қилишича, ушбу бокс ва гимнастика мактаблари ўз фаолиятини 2022-2023 ўқув йилидан бошлайди. Бокс мактабига ҳар йили 25 нафар иқтидорли ўқувчи 7 йил муддатга қабул қилинади (5-11 синф). Жами ўқувчилар сони 175 нафарни ташкил этади.
Гимнастика мактабига ҳар йили 15 нафар иқтидорли ўқувчи 11 йил муддатга ўқиш учун қабул қилинади (1-11 синф). Жами ўқувчилар сони 165 нафарни ташкил қилади.
Масъулларнинг маълум қилишича, ушбу бокс ва гимнастика мактаблари ўз фаолиятини 2022-2023 ўқув йилидан бошлайди. Бокс мактабига ҳар йили 25 нафар иқтидорли ўқувчи 7 йил муддатга қабул қилинади (5-11 синф). Жами ўқувчилар сони 175 нафарни ташкил этади.
Гимнастика мактабига ҳар йили 15 нафар иқтидорли ўқувчи 11 йил муддатга ўқиш учун қабул қилинади (1-11 синф). Жами ўқувчилар сони 165 нафарни ташкил қилади.
Қарорда белгиланганидек, бокс мактаби пойтахтимизнинг Юнусобод тумани 9-мавзедаги 259-умумтаълим мактаби ҳудудида жойлашади.
Гимнастика мактаби эса Миробод тумани Саракўл кўчасидаги 175-умумтаълим мактабига туташ ҳудудда ташкил этилади ва мактабни қуриш ҳамда жиҳозлаш учун 25 млрд. сўм йўналтирилади.
Ҳозир мамлакатимизда умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олийгоҳлар спорт залларида пуллик хизмат асосида 16 та бокс клублари ишлаб турибди. Қувонарлиси, янги ташкил этилаётган бокс ва гимнастика мактаблари ўқувчиларининг ота-оналаридан овқатланиш ва бошқа харажатлар талаб этилмайди. Яъни ўқувчиларнинг турар-жой, кунига тўрт маҳал овқатланиш, спорт анжомлари, формаси, асбоб-ускуналар ва инвентарлар билан боғлиқ барча харажатлар тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Шу мақсадлар учун жами 9,9 млрд. сўм йўналтирилмоқда. Умид қиламизки, янги очилган мактаблардан, янги Оксана Чусовитина ва янги Баҳодир Жалоловлар етишиб чиқади.
Баҳодир Жалолов, бокс сабоқларини Чирчиқ Олимпия захиралари коллежида таниқли мураббий Тўлқин Қиличевдан ўрганган. 2013 йил +91 кг. вазн тоифасида катталар ўртасида мамлакат биринчилигида ғалаба қозонди ва шу йилдан эътиборан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. 2019 йил Баҳодир Жалолов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш баробарида мусобақанинг энг яхши боксчиси унвонига эришди.
Айнан шу йили Баҳодир Жалолов Президентимиз томонидан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди. 2021 йил бўлиб ўтган Токио-2020 Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, чемпион мақомига эришган спортчимиз “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Оксана Чусовитина жаҳонда спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этган спортчи (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020). 1992 йил Барселонада ўтган Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби, 3 карра жаҳон чемпиони.
Узоқ йиллар давомида Светлана Кузнецова қўл остида спорт гимнастикасининг сир-асрорларини ўрганиб келган. 1990 йил терма жамоа аъзосига айланган.
Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби, фаолиятини якунламасдан туриб, гимнастиканинг ривожига қўшган ҳиссаси учун Халқаро гимнастика шон-шараф залидан ўрин олган ягона спортчи ҳисобланади. У шунингдек, спорт гимнастикасида Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этгани учун “Гиннесснинг рекордлар китоби”га ўз номини ёздириб қўйган.
Бир қатор давлат мукофотлари соҳибаси бўлган спортчимиз Токио Олимпиадасидаги иштироки ҳамда Ўзбекистон гимнастикаси ривожига қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилди.
Учқун Намозов,
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 12-сони.






