Истанбулда Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаралар якунланди. На бўлсада, умидлар бор. Аммо қатор масалаларда позициялар тарқоқ. Киев аввало, Россияни қўшинларини чиқаришга чақирмоқда. Президент Владимир Зеленский хавфсизлик кафолатлари эвазига Украинанинг бетараф мамлакат бўлишига қарши эмаслигини билдирди. “Украина учун халқаро хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олган битим каби муҳим мавзуларда муҳокамалар кетяпти. Яна бир масала - барча гуманитар муаммоларни ҳал қилишга имкон берадиган сулҳга эришиш”, - деди Зеленский идораси маслаҳатчиси Михайло Подоляк.
Россия музокаралар натижасида Қримнинг Россия ҳудуди сифатида тан олинишига умид қиляпти, бироқ Украина делегациясининг раҳбари, Зеленский партиясидан депутат Давид Арахамияга кўра, Украина 1991 йилда белгиланган чегараларидан бошқасини тан олмайди. Россия делегациясининг раҳбари, Президент Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединскийнинг музокаралардан сўнг айтишича, Россия Киев ва Чернигов йўналишлари бўйича ҳарбий ҳаракатларини қисқартиришга қарор қилди. “Украинанинг ўзаро битим лойиҳасига киритишни таклиф этаётган позицияси Путинга етказилади”, - деди Мединский. Маслаҳатчининг сўзларига кўра, расмий Киев Қрим ва Донбассни ҳарбий йўл билан қайтариш режасидан қайтганини билдирди. Мединский, шунингдек, Украина делегациясига асирга тушган рус ҳарбийларига ёвуз муносабат ҳақида шикоят қилган ва Украина тарафи бу ишга қўл урганларни жазолашга сўз берган.
Қайси мавзуларда келишилди, қайсилари очиқ қолди?
Музокараларда Украина делегацияси сафида иштирок этган Александр Чалий Украина тинчлик сулҳи тузиши учун референдум ўтказилиши ва унда фуқаролар таклиф этилган келишув вариантини маъқуллаши кераклигини айтиб ўтди. Тинчлик сулҳи фақат ўт очиш тўлиқ тўхтатилганидан кейин имзоланиши мумкин. Кейин келишувни Украина парламенти ва гарант-давлатлар парламентлари ратификация қилади. Ўз навбатида, Владимир Мединский икки давлат ташқи ишлар вазирликлари келишувни тасдиқлаган вақтда Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг учрашуви ўтказилиши мумкинлигини айтди. Шу вақтгача Россия томони Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашув ўтказиш борасидаги таклифини эътиборсиз қолдириб келаётганди. Шунингдек, томонлар Қрим ва Донбасс масаласини алоҳида муҳокама этишга келишишган. Украина томони шундай схема таклиф этган:
Қрим ва Севастопол мақоми бўйича музокаралар кейинги 15 йил мобайнида олиб борилади, томонлар бу масала ечими учун қурол қўлламайди. Донбассдаги «халқ республикалари» мақоми ва тақдири масаласи алоҳида пунктга киритилади, уни икки мамлакат президентлари ўзаро учрашувда алоҳида муҳокама қилишлари мумкин. Украина қатор давлатларнинг аниқ ва қатъий кафолатлари мавжуд бўлган тақдирда, ядровий бўлмаган ва блоклардан холи бўлган давлат мақомига рози бўлади.
Олдинги пункт (агар бу бўйича келишувга эришилган тақдирда) амалда Украина ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва ҳарбий контингентлар жойлаштирилмаслиги шартини назарда тутади. Украина ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий иттифоқларга кирмаслиги керак. Украина ҳудудида халқаро ҳарбий машғулотлар фақатгина кафил-давлатлар розилиги билан ўтказилиши мумкин бўлади. Украина таклифига кўра, келишувда кафил-давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизми ҳам белгиланиши керак. Бу моҳиятан НАТО низомидаги 5-модда билан ўхшаш (альянснинг бирор аъзосига ҳужум бутун альянсга ҳужум сифатида қаралади).
Украинага қарши уруш ёки қуролли агрессиянинг бошқа шакли кузатилса, кафил-давлатлар уч кун ичида маслаҳатлашув ўтказишади, кейин эса Украинага ёрдам кўрсатиш уларнинг юридик мажбуриятига айланади. Украина делегацияси вакили Давид Арахамиянинг аниқлик киритишича, бу таклифлар ҳозирча Россия томонига топширилган ва энди Киев Москвадан жавоб кутади. Мединский эса Украина томони таклифларини муросага элтувчи конструктив қадам деб атади ва Россия уларни кўриб чиқиб, тегишли жавобни беришини маълум қилди.
Мединский Россия Украина Евроиттифоққа аъзо бўлишига қарши эмаслиги, Киевнинг таклифлари Украинани халқаро ҳуқуқий кафолатлар остида доимий бетараф давлат деб эълон қилишни назарда тутиши, Украина Қрим ва Донбассни ҳарбий йўл билан қайтаришга интилишларидан воз кечиши, Украинанинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифлари Қрим ва Донбасс ҳудудлари учун тааллуқли эмаслиги ҳақида гапирган.
Музокаралар арафасида Financial Times Россиянинг позицияси юмшагани ҳақида ёзганди. Нашр маълумотига кўра, Москва дастлабки талабларининг бир қисмидан, жумладан Украинани «денацификация» қилишдан воз кечган. Шунингдек, нашр Россия Украина ЕИга аъзо бўлишига қарши эмаслиги ва НАТОга кирмаган тақдирда, халқаро хавфсизлик кафолати тақдим этишга рози бўлиши ҳақида ёзганди.
Песков музокаралар жараёнига изоҳ берди.
“Музокаралар тақдирига келсак, бу қизиқ савол, бугун ёки эртага умид берувчи нимадир бор ёки йўқлигини тушунамиз. Асосан, махсус операция давом этмоқда”, - деди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга. - Россия Қуролли Кучлари Украинанинг ҳарбий инфратузилмасини йўққилмоқда. Россия ҳарбий хизматчилари Киев яқинидаги Украина ҳарбийлари гуруҳини таъминловчи омборларни йўқ қилишди.
Россия музокараларни қандай натижага эришди, деб ҳисоблаши ҳақидаги саволга жавобан Кремл вакили уларнинг мазмунига аралашишни истамаслигини айтди. “Музокаралар осойишталикда ўтиши керак. Кейин умид бор ёки йўқлигини айтамиз”, - деди Песков.
Бир кун аввал Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия билан кутилаётган музокаралар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, минимал дастур гуманитар масалаларни муҳокама қилишни, максимал дастур ўт очишни тўхтатиш ва бу борада барқарор келишувга эришишни ўз ичига олади. Унинг қайд этишича, ҳозирча томонлар бирон-бир банд бўйича келишувга эришмаган. Шу билан бирга, Туркия президенти идораси музокаралар матбуот учун ёпиқ ўтказилишини белгилаб берди.
Томонлар Беларусда аллақачон учта юзма-юз учрашув ўтказган. Россия Федерациясининг Донбассни ҳимоя қилиш бўйича махсус операцияси фонида Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар 28 февраль куни Гомел вилоятида бошланган. Кейин улар 3 ва 7 март кунлари Беловежская Пушчада давом этди. Музокараларнинг учинчи босқичи якунлари бўйича Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский ҳеч қандай ҳужжатларни имзолашнинг имкони йўқлигини таъкидлади. Бироқ учрашувлардан бирида дипломатлар гуманитар йўлакларни ташкил этиш бўйича келишиб олдилар. Кейин музокаралар видеоалоқа орқали давом эттирилди.
Файзулло Абдулбоқиев






