АсосийSiyosat

Ўзбекистон-Малайзия ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

'Ўзбекистон-Малайзия ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди'ning rasmi

Бугун, 30 март куни Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков Малайзия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Камаруддин Жаффар билан учрашув ўтказди.

Музокараларда Ўзбекистон-Малайзия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Малайзия томони Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва қонунчилик соҳасини такомиллаштириш, миллий иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси ва Малайзия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи давраси бўлиб ўтди.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича мавжуд салоҳиятни амалга оширишдан ҳар икки томоннинг бирдай манфаатдорлиги билдирилди.

Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш умумий кун тартибидаги барча йўналишлар бўйича алоқаларни жадаллаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди.

Маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳасидаги алмашинувларни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар доирасидаги мулоқотни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

    Бошқа янгиликлар