2021 йилда прокурорлар томонидан 29 мингдан зиёд тадбиркор фаолиятини йўлга қўйишга, 124 нафар шахснинг оқланишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтаётган матбуот анжуманидан хабар бермоқда darakchi.uz мухбири.
Анжуманда прокуратура органлари томонидан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг 2022 йил 1-чоракдаги ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилдаги фаолияти якунлари борасида маълумот берилди.
Прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни амалга оширишда қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан 12.275 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шундан 10.990 нафар шахсга нисбатан 6.656 та жиноят иши судга юборилган.
Ҳар бир ҳудудда жиноятчилик ҳолати ва кўрилган чоралар чуқур таҳлил қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 531 та мувофиқлаштирувчи кенгашлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилинди ва аниқ чора - тадбирлар белгиланиб, ижрога қаратилди.
Жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан 27.684 та тарғибот тадбирлари, шу жумладан 5.903 марта оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар амалга оширилди.
Шунингдек, судларда прокурорнинг иштирокини таъминлашда асосий эътибор судьялар мустақиллигига қатъий риоя этилишини таъминлаш, суд ишларига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, ўзаро тортишув тамойили асосида одил судловнинг амалга оширилишига кўмаклашишга қаратилди.
Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатларини таъминлаш мақсадида:
- 47.755 та жиноят, 9.899 та фуқаролик, 3.387 та иқтисодий ҳамда 11.850 та маъмурий ишларнинг судларда кўрилишида прокурор иштироки таъминланди;
- прокурорлар протести асосида жиноят ишлари бўйича судларнинг 2.144 нафар шахсга нисбатан қарорлари, шунингдек фуқаролик судларининг 268 та, иқтисодий судларнинг 134 та ва маъмурий судларнинг 556 та қарорлари қонунга мувофиқлаштирилди;
- прокурорлар ташаббуси билан 124 нафар шахс оқланди;
- –ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленуми қарорларига 77 та таклиф киритилди.
Прокуратура органлари томонидан 2021 йилда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига оид қонунчилик ижроси устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Бу жараёнда асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиғини сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланишига доир қонунчилик ижросига қаратилди.
Мазкур соҳадаги назорат тадбирлари давомида:
- 26 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;
- қонунбузилиши сабабларини бартараф этиш борасида 3.900 дан ортиқ тақдимномалар юборилди;
- судларга қарийб 14 млрд. сўмни ундириш борасида 35 мингдан зиёд аризалар киритилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирларида:
- 885 нафар мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди;
- 619 та ноқонуний ҳужжатларга протест келтирилди;
- 14.749 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурорлар томонидан 29 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг фаолиятини юритишда, шу жумладан кредит, ер майдони, бино ажратилишида, лицензия ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштирилишида, мухандислик тармоқларига уланилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида 16.871 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 6.804 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди.
Вояга етмаганларнинг назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, уларни ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш мақсадида:
– 12.170 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган;
– 18.803 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;
– 115.678 нафар вояга етмаганларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди;
– 13.654 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.
Тадбирда ижтимоий тармоқларда шов-шувлар сабаб бўлган прокуратура билан боғлиқ бўлган ва улар томонидан изоҳ киритилиши лозим бўлган масалаларга ойдинлик киритилди.
Хусусан, Ўзбекистонда “Асалҳоней” номи билан танилган инста-блогер Асал Хўжаева ўз уйида ўлик ҳолда топилиши билан боғлиқ кўпчиликни қизиқтирган саволлар жавоб берилди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди.
Шунингдек, кўп муҳокама қилинган масалалардан бири – ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатларини қайд қилиш учун ҳайдовчининг фотосурат, аудио- ва видеотасвирга олиш ҳуқуқининг тақиқланиши мумкинлиги билан боғлиқ бўлган қарор лойиҳасига оид ҳам хабарлар бўйича қўшимча маълумотлар берилди.
Тез орада булар ҳақида "Даракчи"да батафсил янгиликлар берилади.






