Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг 2 апрель кунидан 2 май кунига қадар барча ички ишлар органларида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида “Маънавият ойлиги” ни ўтказади.
Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигида бўлиб ўтаётган "Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепсиясининг ютуқлари ва истиқболлари" мавзусида бўлиб ўтаётган илмий-амалий анжумандан Даракчи мухбири хабар қилмоқда.

Ойлик доирасида «Китобхонлик ҳафталиги», “Китоб ярмаркалари”ташкил этиш, “Зукко китобхон” кўрик-танлови ташкил қилинади.
Шунингдек “Газета ва китоб – қариндош” ҳафталигини доирасида Адиблар ҳиёбонида давра суҳбатлари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ойлик доирасида ўтказиладиган маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишда ички ишлар органлари амалиётида илк бор 7 та вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Хусусан, Республика маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шулар жумласидандир.






