АсосийЖАМИЯТ

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг 10 нафар ўқувчиси Италияга бориш имкониятини қўлга киритди

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтг...

'Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг 10 нафар ўқувчиси Италияга бориш имкониятини қўлга киритди'ning rasmi

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган "Diplomacy Education" танловининг натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Унга кўра, Агентлик тизимидаги мактабларнинг 10 нафар ўқувчиси Италияга бориш имкониятини қўлга киритди.

Ғолибларни эълон қилиш маросими гибрид шаклда ўтказилиб, унда Агентлик раҳбари Ҳилола Умарова, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Отабек Акбаров, "Global Action" ташкилоти раҳбари Pierfrancesco Torrisi ва ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар иштирок этишди.

Ғолибларни Агентлик раҳбари Ҳилола Умарова қўлга киритган ютуқлари билан самимий табриклади:

- Агентлик томонидан хорижий ҳамкорлар билан бир қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ва Италиянинг "Global Action" ташкилоти билан ҳамкорликда "Diplomacy Education" дастури бу борадаги самарали ҳамкорлигимиз натижаси, десам янглишмайман.

Ишонаманки, истиқболда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва ҳамкор ташкилотлар билан ўқувчилар алмашинуви, чет эл таълим дастурлари доирасидаги ҳамкорлигимиз янада ривожланади.

Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Отабек Акбаров:

- "Diplomacy Education" танлови иштирокчиларнинг дунёқарашини, таълимга бўлган иштиёқини янада кўпайтириш учун ажойиб имкониятдир. Дастур доирасида ўқувчилар Рим шаҳрида жойлашган халқаро ташкилотлар, Италия Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти билан танишишга, кўплаб янги билимларни эгаллашга муваффақ бўлишади ва бу билимларни кейинчалик ўз тенгдошларига ҳам улашишади.

3 босқичли танловда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни - интилувчан ёшларни самимий табриклайман. Умид қиламизки, уларнинг бу дастур доирасида ўрганган билимлари, тажрибалари кейинги фаолиятларида ҳам асқотади.

Маълумот ўрнида, мазкур танлов Президент таълим муассасалари агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси ва Италиянинг “Global Action" ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган.

    Бошқа янгиликлар