АсосийСПОРТ

Қосимжоновнинг 25 йиллик гегемонлиги тугади, энди Абдусатторов ФИДЕ рейтингидаги биринчи рақамли шахматчи

 Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) куни кеча ўзининг янги рейтингини эълон қилди.2022...

'Қосимжоновнинг 25 йиллик гегемонлиги тугади, энди Абдусатторов ФИДЕ рейтингидаги биринчи рақамли шахматчи'ning rasmi

 

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) куни кеча ўзининг янги рейтингини эълон қилди.

2022-йилнинг 1-апрел санасидан кейинги ҳолат акс этган ушбу жадвалда айни дамда кучли 100 ликдан икки нафар ўзбекистонлик шахматчи ўрин олган. Булар жаҳоннинг 17-чемпиони, халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов ҳамда яқинда рапид йўналиши бўйича дунёдаги энг ёш чемпионга айланган Нодирбек Абдусатторовдир.

Эътиборли жиҳати, янгиланган рейтингда ўзбекистонлик шахматчилар орасида пешқадам ўзгарди. 1997-йилда ФИДЕ рейтингида Ўзбекистоннинг энг юқори баллга эга шахматчиси мақомини қўлга киритган Қосимжонов чорак асрдан сўнг ўрнини ёш ва иқтидорли издошига бўшатиб берди.

ФИДЕнинг янгиланган рейтингида халқаро гроссмейстер Н.Абдусатторов (2004-йилда туғилган) 2 661 балл билан 74-ўринни эгаллаб турибди. Ўтган ойда у 92-ўриндан жой олганди. Рустам Қосимжонов (1979-йилда туғилган) эса 2 656 рейтинг бали билан 82-поғонага тушди. Бир ой аввал 17-жаҳон чемпиони 77-ўринда қайд этилганди. ТОП-100таликда Нодирбекдан ёш биронта ҳам шахматчининг йўқлиги бизни яна-да хурсанд қилади.

ФИДЕ 20 ёшгача бўлган шахматчиларнинг рейтинг ўринларини ҳам алоҳида ҳисоблаб боради. Энг кучли ёш шахматчилар орасида Нодирбек айни пайтда 4-ўринга кўтарилди. Шунингдек, ёш шахматчилар орасида ТОП-100таликдан яна уч нафар шахматчимиз ўрин олган:

4 (ўтган ойдаги ўрни – 7). ГМ Нодирбек Абдусатторов (2004) – 2661,

11 (10). ГМ Нодирбек Ёқуббоев (2002) – 2630,

17 (16). ГМ Жавоҳир Синдоров (2005) – 2609,

25. ГМ Шамсиддин Воҳидов (2002) – 2536.

Рапид йўналишида фақат Нодирбек Абдусатторов кучли юзликда қайд этилган, у 2670 балл билан 37-ўринни эгаллаб турибди.

Блис йўналишида 4 шахматчимиз кучли юзликдан жой олган:

36. Рустам Қосимжонов – 2681.

45. Нодирбек Абдусатторов – 2663.

71. Жавоҳир Синдоров – 2630.

96. Шамсиддин Воҳидов – 2611.

    Бошқа янгиликлар