2022 йилда Осиё иқтисодиёти 5.2 фоизга, 2023 йилда эса 5.3 фоизга ўсади. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки маълум қилди, дея ёзмоқда Zamon.uz' нашри
Банк ҳисоботида Шарқий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё иқтисодий ўсиши пандемиягача бўлган суръатга қайтиши қайд этилган. Ўсиш асосан, ички истеъмол талаби ва экспорт миқдори ошиши натижасида бўлади.
Хусусан, Шарқий Осиё иқтисодиёти 2022 йилда 4.7 фоиз ва 2023 йилда 4.5 фоизга ўсади. Бу кўрсаткич Жануби-Шарқий Осиёда 4.9 ва 5.2 фоиз, Жанубий Осиё эса 7.0 ва 7.4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Банк маълумотларига кўра, Тинч океани ороллари пандемия даврида туризмнинг тўхтаб қолиши оқибатида азият чеккан. Аммо бу йил уларнинг иқтисодиёти 2021 йил 0.6 фоизлик камайишдан 3.9, 2023 йилда эса 5.4 фоизлик ўсишга эришади.
Аммо шу билан бирга иқтисодий тараққиётга Россия-Украина ҳарбий можароси, COVID-19 ҳолатларининг қайта авж олиш хавфи, шунингдек, АҚШда фоиз ставкаларининг оширилиши эҳтимоли салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Геосиёсий мавҳумлик
"Пандемиядан кейин Осиёнинг ривожланаётган давлатлари аста-секин иқтисодий ўсиш йўлига қадам қўйди. Аммо геосиёсий мавҳумлик ва COVID-19 ҳолатларининг қайта авж олиши, янги штаммлар бу импульсни тўхтатиб қўйиши мумкин. Минтақа давлатлари ҳукуматлари огоҳликни сақлаб қолиши ва бу хавфларга қарши чоралар кўришга тайёр туриши керак. Масалан, бу коронавирусга қарши янада кўпроқ одамларни эмлашни назарда тутади. Шунингдек, инфляция билан боғлиқ вазият диққат билан кузатилиши лозим”, – деган Осиё Тараққиёт банки бош иқтисодчиси Альберт Парк.
Банк Украинадаги ҳарбий можарони Осиё иқтисодий тараққиёти учун асосий хавф сифатида баҳолаган. Аммо унинг тўғридан-тўғри таъсири асосан, Марказий Осиё ва Мўғулистонда сезилади.
ОТБ қитъанинг энг йирик давлатлари бўлган Хитой ва Ҳиндистон иқтисодиёти 2022 йилда мос равишда 5.0 ва 7.5 фоизга, 2023 йилда эса 4.8 фоиз ва 8.0 фоизга ўсишини тахмин қилган.






