АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан уруш ҳаракатларини тўхтатиш бўйича келишув якшанба куни имзоланиши режалаштирилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, келишув амалга ошгандан сўнг Ҳормуз бўғози барча томонлар учун очиқ бўлади. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Мазкур бўғоз дунё энергетика таъминотида стратегик аҳамиятга эга йўллардан бири ҳисобланади ва унинг очилиши глобал бозор учун муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Музокараларда воситачи сифатида иштирок этаётган Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам келишув 24 соат ичида якунийлашиши ва ундан сўнг электрон тарзда имзоланишга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар сўнгги босқичга кирган.
Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағаий келишув муддати бўйича аниқлик киритиб бўлмаслигини таъкидлаб, ҳужжат имзоланиши эртага бўлмаслигини айтди. Теҳрон музокараларда эҳтиёткорлик билан ёндашишни давом эттирмоқда.
Трамп ўз баёнотида келишув тезда амалга оширилмаса, Вашингтонда “қатъий муқобил вариантлар” мавжудлигини ҳам огоҳлантирди. Шу билан бирга у Эрон ядровий дастури бўйича масалалар кейинги босқичларда муҳокама қилиниши мумкинлигини билдирди.
Эрон эса узоқ йиллардан бери ўз ядровий дастури тинчлик мақсадларига хизмат қилишини таъкидлаб келади ва Ғарб давлатларининг айбловларини рад этиб келмоқда.
Охирги ойларда АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар кучайган бўлиб, Ҳормуз бўғози атрофидаги вазият ҳам бир неча бор кескинлашган. Шунга қарамай, томонлар сўнгги ҳафталарда музокараларни жадаллаштириб, тинчлик битимига яқинлашгани айтилмоқда.






