Россия томонидан Украинага уюштирилган навбатдаги кенг кўламли ҳаво ҳужумлари оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлди. Ҳужумлар давомида Киевдаги XI асрга оид тарихий монастир ҳам жиддий зарар кўрган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, 15 июнга ўтар кечаси Россия Украина пойтахти Киевга сўнгги икки ҳафтадаги энг йирик ҳаво ҳужумларидан бирини амалга оширган. Ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, яна 23 киши турли даражада жароҳат олган.
Зарбалар натижасида 1051 йилда ташкил этилган ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Киев-Печерск лавраси ҳам шикастланган. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, тарихий мажмуа ҳудудида ёнғин чиққан.
Украина Бош вазири Юлия Свириденко мазкур воқеага муносабат билдириб, буни мамлакат маданий меросига қарши қаратилган ҳужум деб баҳолаган.
Ҳужум давомида дрон ва ракеталар Киевдаги бир нечта кўп қаватли турар жойларга ҳам келиб тушган. Электр узатиш тармоқларига етган зарар оқибатида қарийб 140 минг аҳоли электр таъминотисиз қолган.
Шунингдек, Россиянинг навбатдаги зарбалари натижасида Харьков шаҳрида фавқулодда вазиятлар хизматига қарашли беш нафар қутқарувчи ҳалок бўлган, яна беш киши жароҳатланган.
Айни пайтда Польша Қуролли кучлари эҳтимолий хавф сабаб ҳарбий авиациясини жанговар шайликка келтирган. Кейинчалик мамлакат ҳарбийлари Польша ҳаво ҳудуди бузилмаганини маълум қилди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Киев-Печерск лаврасига етказилган зарар юзасидан ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирокида тегишли чоралар кўриш масаласи кўтарилишини билдирди.
Шу билан бирга, Украина ҳам Россия ҳудудларига дрон ҳужумларини давом эттирмоқда. Хусусан, Тула вилоятига қилинган зарба оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, яна уч киши, жумладан бир ёшли бола жароҳат олгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, Украина Қрим яриморолини Россиянинг бошқа назоратдаги ҳудудлари билан боғлаб турган икки кўприкка ҳам зарба берган.






