Хавфсизлик арқони боғланмаган ҳолда сакрашга рухсат берилган 21 ёшли қиз 40 метр баландликдан қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда G1 телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 13 июнь куни Лимейра шаҳри яқинида жойлашган ва “Скелет кўприги” номи билан танилган Skeleton Bridge кўпригида содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қиз сакраш учун ўзини пастга ташлаган пайтда хавфсизлик арқони ерда ётганини кўриш мумкин. Воқеадан сўнг атрофдагиларнинг “Арқон, арқон!” деган бақириқлари эшитилади.
Фожиа ортидан аттракционни ташкил қилган компаниянинг уч нафар ходими қўлга олинди. Уларга нисбатан эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлимига сабаб бўлиш моддаси бўйича айблов эълон қилинган.
Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчилар ҳодиса қандай содир бўлганини аниқ тушунтириб бера олмаган.
«Уларнинг боши қотиб қолган. Чунки улар узоқ йиллардан буён роуп-жампинг тадбирларини ташкил қилиб келган ва бундай хатога йўл қўйишни изоҳлай олмаяпти», дейди терговчилар.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеадан кейин гумонланувчилардан икки нафари яқин атрофдаги ўрмон ҳудудига яширинишга уринган. Агар уларнинг айби судда исботланса, 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ҳалок бўлган қизнинг оила аъзолари айбдорларга нисбатан қонуннинг энг қатъий чоралари қўлланилишини талаб қилмоқда.
«У ёш, орзу-умидларга тўла эди. У ўз ҳаётини профессионалларга ишониб топширганди. Аммо уларнинг масъулиятсизлиги қизимнинг келажагини тортиб олди», дейди марҳуманинг отаси.






