АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда Қозоғистоннинг нуфузли ОТМлари филиаллари очилиши мумкин (фото)

Кеча Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири ў...

Кеча Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири ўринбосари К.Ергалиев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур мулоқот Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги делегациясининг 8 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатларнинг фан ва технологиялар вазирликлари ва идоралари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши доирасида ташкил этилди, дея хабар бермоқда вазирлик.

Таъкидланишича, учрашувда олий таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Хусусан, тадбирда Қозоғистон делегацияси таркибидаги етакчи олий ўқув юртлари – Қозоғистон миллий университети, Жанубий Қозоғистон университети, Халқаро қозоқ-турк университети ва Евроосиё миллий университетлари ректорлари ва проректорлари иштирок этиб, ўз олийгоҳларининг салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтишган.

Мазкур университетлар ҳам Қозоғистоннинг бошқа олий ўқув юртлари қатори Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган “Қозоғистон таълим кунлари” кўргазмаларида иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришган.

Учрашувда таълим соҳасидаги икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва фаоллаштириш, жумладан, Олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама битимни имзолаш келгусидаги истиқболли лойиҳаларнинг ҳуқуқий асосига айланиши таъкидланган.

Учрашув сўнггида Ўзбекистон томонининг таклифига жавобан 2022 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қозоғистон ректорлари форумини ташкил этиш бўйича ишларни бошлашга келишиб олинган.

    Бошқа янгиликлар