Айни кунларда слаломда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятининг Угом масканида навбатдаги йиғинни ўтказмоқда. 24 апрелга қадар давом этадиган ушбу машғулотларга хорижлик мутахассис ҳам жалб этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси хабар бермоқда.
"Ўзбекистон Rowing&Canoe федерациясининг таклифига биноан россиялик мураббий Павел Смирнов маҳаллий тренерларимиз билан машғулотларни олиб бормоқда",-дейилади унда.
Қайд этилишича, машқлар давомида россиялик мутахассис спортчиларимизнинг ҳаракатини кузатиб, ўзининг керакли тавсияларини беряпти. Йиғинга 6 нафар спортчи ва 3 мураббий жалб этилгани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой ўзбек слаломчилари Таиландда ўтган Осиё чемпионатида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиқишган эди. Мазкур йиғин йилнинг энг муҳим старти - Осиё ўйинларига тайёргарликнинг биринчи қадами ҳисобланади.






