Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгиланган.
Ҳукуматнинг 2020 йил 14 декабрдаги 781-сонли қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган.
Бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида айнан шу мавзуга бағишланга матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжиуман иштирок этган darakchi.uz мухбири Ойбек Шукуровнинг маълум қилинишича, "Китобсевар миллат" шиори остида II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” 18-23 апрель кунлари Республика бўйлаб ўтказилади.
Ҳафталикнинг тантанали очилиш маросими 18 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонада ўтказилади. Ҳафталик доирасида маданий-маърифий тадбирлар, тақдимотлар, китоб савдо кўргазма-ярмаркалари ташкил этилиб, “Magic City” истироҳат боғида интелектуал совринли викториналар бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга, кутубхоналарда сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган ходимлар “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Шунингдек, ҳафталик доирасида ташкилотчилар томонидан энг фаол нашриётни турли номинациялар билан тақдирлаш, китоб тарғиботчилари ва ижодкорларни рағбатлантириш режалаштирилган.