Бир муддат аввал Қашқадарёда ёшлар етакчиси ўзини осиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, Ўзбекистон республикаси бош прокурорининг матбуот котиби ҳолат юзасидан муносабат билдирганди.
Zamon.uz' нашрининг қайд этишича, Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов мазкур ҳолат ҳақида фикр билдирди.
"Марҳумнинг яқинларига сабр тилаб, шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, унинг муаммолари бўлгандир. Балки шахсий ҳаётида, балки ишида. Аммо ачинарлиси, у муаммоларига ечим сифатида айнан шу йўлни танлаган ва иродасизликка йўл қўйган", — дейди туман ҳокими воқеа ҳақида ўз фикрини билдираркан.
Қўшимча қилинишича, марҳум бир неча йил давомида "Совбоғ" маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби, маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
"У маҳалла тизимини яхши тушуниши, маҳалланинг ёш-у қарисини таниши ва намунали хулқи учун 2022 йилда маҳаллада ёшлар етакчиси лавозимига тайинланган. Меҳнат фаолияти давомида маҳалладаги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда, раҳбарияти томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришда анча фаол бўлган. Минг афсуски, бу ҳолат барчамизни чуқур қайғуга солди. Марҳумнинг яқинларига туман ҳокимлиги номидан чуқур ҳамдардлик билдираман", — дейди Бекзод Суюнов.
Аниқлаштирилишича, марҳум оилада энг кичик фарзанд бўлган. Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган туман прокуратураси марҳумнинг яқинлари — икки акаси, хотини ва онасининг фикрини ўрганган.
Марҳумнинг яқинлари унинг сўнгги пайтда спиртли ичимликка ружу қўйганини айтган.
Жумладан, ҳар икки акаси ҳам укаси сўнгги пайтларда ишга ҳам бормай, ичимлик ичишга ружу қўйганини онаси орқали билганини айтиб, бир неча маротаба танбеҳ берганини билдирган.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи эса сўнгги пайтларда уларнинг хонадонига қарзини сўраб келувчилар кўпайганини, марҳум турмуш ўртоғи қарзи кўплигини айтса-да, айнан қанча қарзи борлигини айтмаганини маълум қилган.
Марҳумнинг хотини, шунингдек, эри 2022 йилнинг 11 апрель куни кечаси соат бир-иккида уйига маст ҳолда, оёқ кийими ўрнида "тапочка"да, телефонсиз қайтганини билдирган. Қолаверса, марҳум уйидан 2022 йилнинг 12 апрель куни тонгги соат 08:00 да телефони ва оёқ кийимни олиб келишини айтиб, чиқиб кетганича қайтмаган. Яқинлари унинг жасадини қўшнисининг ҳеч ким яшамайдиган уйи оғилхонасидан 13 апрель куни соат 18:00 га яқин вақтда топган.






