Sevimli

АҚШ Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига 50 дона Toyota ва Fortuner пикапларини топширди

СИЁСАТ 20.04.2022, 14:04
АҚШ Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига 50 дона Toyota ва Fortuner пикапларини топширди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига 50 та Toyota Hilux ва Fortuner русумли автомашина топширди, дея хабар қилган Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Чегара қўшинлари номидан автомашиналарни қўмондон ўринбосари, полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди. Ушбу транспорт воситалари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинди. Қиймати 2,25 млн долларга тенг автомашиналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

«2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён мамлакатларимиз ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда. Бугун биз ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз ва умид қиламизки, топширилаётган автомашиналар Ўзбекистон давлат чегараси ва «яшил чегара»ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтириш имконини беради,» — деди элчи Розенблюм ўз нутқида.

Маълумот учун, 1994 йили ташкил этилган Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси АҚШ ҳукуматига зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этувчи қурол тарқалишининг олдини олиш ва қуролсизланиш соҳасидаги кутилмаган ва мураккаб вазиятларда оператив жавоб қайтаришга имкон яратади. Ушбу жамғарма ишни ишончли, хавфсиз ва тежамкорлик билан амалга оширишда стратегия ишлаб чиқиш, музокаралар олиб бориш, дастурларни бошқариш, молиявий операциялар ва шартномаларни бажариш бўйича катта тажрибага эга.

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+14.56° небольшой дождь
Валюта курси
11088.20
USD -42.37
11642.61
EUR -71.2
177.91
RUB 2.69
1