1

Сўнгги 4-5 йилда оммалашиб кетган Сўқоқ ва Мадор сомсалари... Нега уни айнан жойига бориб ейиш керак? (фото ва видео)

ЖАМИЯТ 20.04.2022, 22:00
Сўнгги 4-5 йилда оммалашиб кетган Сўқоқ ва Мадор сомсалари... Нега уни айнан жойига бориб ейиш керак? (фото ва видео)

Паркент — пойтахтга яқин Тошкент вилоятининг энг сўлим туманларидан бири. Туманда 9 та қишлоқ бўлиб, уларнинг ичида энг машҳури ва номи кўп тилга олинадигани эса “Сўқоқ”. Хўш, нега айнан номи кўп тилга олинади? У ерга нима учун борилади? 

Айни ҳозирги мавсумда эса “Сўқоқ” пойтахт ва бошқа вилоятлардан келган дам олувчилар билан ниҳоятда гавжум бўлади. Сиз қишлоққа кириб борар экансиз, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўласиз. Тўрт томонинг тоғ, пастда эса муздек шаршара оқиб турибди. Ўз мавсумида минглаб фуқароларни ўзига чорлайдиган мазкур гўша нафақат ўзининг сўлим табиати, балки ҳеч қаерда такрорланмайдиган Сўқоқ ва Мадор сомсалари билан ҳам машҳур. 

Аслини олиб қараганда, ҳудудга тегишли бўлган кўк сомсалар охирги 4-5 йилда оммалашиб кетди. "darakchi.uz" Паркентнинг "Сўқоқ" қишлоғига саёҳат қилди. Саёҳатнинг мақсади ҳам тилдан-тилга номи ўтиб, тобора машҳурлашиб бораётган Паркентнинг кўк сомсаларининг ўзига хослиги, пишириш сир-асрорлари ва албатта, ўз жойига бориб истеъмол қилиш гаштини ҳис этиш. 

Сиз кўк сомса ейман деб йўлга тушган бўлсангиз, Паркент сизни йўл четида қатор тизилган сомса пиширилаётган тандирлари билан кутиб олади. Бир-биридан чиройли ва истеъмолчи учун қулай шароитларни таклиф қилиб турган сомса сотувчилари аксарият ҳолларда оилавий бўлиб хизмат кўрсатишади. Бироқ сиз ҳали шошилманг, тоғ бўйлаб кўтарилиб борганингиз сари сизни кўк сомсаларнинг мазалилари, ҳам гўшаларнинг энг сўлимлари қарши олади. 

Биз ҳам Паркентнинг энг юқори қисмларида жойлашган “Сўқоқ” қишлоғига кириб бордик ва тоғдан оқиб келган шаршара бўйида меҳр билан кўк сомсалар тайёрлаб сотаётган қўли ширин аёллар билан суҳбатда бўлдик. Сиз-у бизни қизиқтирган саволларга улардан жавоб олдик. 

“Биз Сўқоқ ва Мадор сомсаларни ёшлигимиздан бери пиширамиз, ўзимиз тоғларга чиқиб териб келардик. Бу ерда ҳамма хонадонларда пиширилади. Лекин сўнгги 4-5 йил ичида бизнинг сомсаларимиз бутун Ўзбекистонда жуда машҳур бўлиб кетди”, - дейди Назокат опа.

Манбаларга кўра, туман ҳудудида 70 оилага мансуб 1000 дан зиёд ўсимлик тури қайд этилган. Шундан 200 га яқини доривор ўсимликлар. Адирларда эфемер ва эфемероидлар ҳамда кўп йиллик ўсимликлар тарқалган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳозирда фақат турли кўкатлардан фойдаланиб, Сўқоқ сомса тайёрланмоқда. Яқин бир ҳафталар ичида эса барчага машҳур бўлган Мадор ўсимлиги ҳам тоғларда чиқиб қолади ва териб келиниб, ундан ҳам пиширилади. 

“Кўк сомса, турли хилдаги кўкатлардан тайёрланади, фойдали, бироқ Мадор сомса инсонга куч беради. Ниҳоятда фойдали, шунинг учун уни яхши кўрувчилар ҳам, харидорлари ҳам кўп. Мен ҳам Мадор сомсани яхши кўраман”, - дейди сомсачи Назокат опа.

Маълум қилинишича, унинг фойдалигига кўра ҳам нархлари икки хил: кўк сомса 5 минг сўм, Мадор сомса эса 7 минг сўмдан сотилади. 

Биз мутахассис аёлдан Паркент сомсаларининг ўзига хослиги ва сири ҳақида сўрадик.

— Биздан кўп сўрашади бу ҳақда. Бошқа жойларда ҳам пишириб кўришган. Лекин ҳеч қаерда бизнинг кўк сомсаларга ўхшаб чиқмайди. Сири оддий: меҳр бериб тайёрлашимизда бўлса керак...

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Сўқоқ сомсаларининг яна бир кичик сири шуки, уларни айнан тандир бошига бориб есагина янада мазали ҳисобланар экан. Дарҳақиқат, сомсаларнинг тайёрланиш ва пишириш жараёнига гувоҳ бўлар эканмиз, тандирга кирган сомсалар бир неча лаҳзадаёқ пишиб, тайёр бўлади ва узиб олинади. Худди шундай тезгина истеъмол қилмасангиз, саноқли сонияларда совиб ҳам қолади. Балки шудир унинг мазаси ва жой билан боғлиқ сири, деган хулосага келдик, биз. 

Қуйидаги видеорепортажимизда эса сиз ҳам барчасига ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин!

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА,
Моҳинур РУСТАМОВА,
Беҳруз ҲАМРОЕВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1