1

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида ко-продукция форматидаги кинолойиҳаларнинг энг йирик портфелига эга мамлакат сифатида эътироф этилди

МАДАНИЯТ 21.04.2022, 18:15
Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида ко-продукция форматидаги кинолойиҳаларнинг энг йирик портфелига эга мамлакат сифатида эътироф этилди

МДҲ Ижроия қўмитасида Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг йирик киностудиялари раҳбарларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Муҳокамада МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари, кино ишлаб чиқариш соҳаси мутахассислари, Ҳамдўстлик мамлакатлари вазирлик ва идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.

Ҳамкорликда амалга оширилган ишлар якунлари сарҳисоб қилинди, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълум қилинди.

– Биз МДҲ мамлакатлари киноижодкорларини бирлаштириш ташаббусини олқишлаймиз ва кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Таъкидлаб ўтиш лозимки, умумий гуманитар ва маданий маконни сақлаб қолиш Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда, – деди МДҲ Ижроия қўмитасининг Гуманитар ҳамкорлик, умумий сиёсий ва ижтимоий муаммолар департаменти директори Алексей Сазонов.

Учрашувда иштирок этган киностудиялар ўзаро ҳамкорликка йўналтирилган лойиҳаларини тақдим этди. Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ко-продукция форматидаги жорий лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Озарбайжон билан ҳамкорликдаги “Хўжа Насриддин”, Тожикистон билан ҳамкорликдаги “Навоий ва Жомий” ва “Кўринмас юлдуз”, Россия билан ҳамкорликдаги “Пари совғаси”, «Барон» ва “Қуёш таъми” ҳамда бешта ҳужжатли фильм, Белорус билан ҳамкорликдаги «Казбек» ва «Узбечка», Қозоғистон билан ҳамкорликдаги «Қўшнилар» ва "Эшелонлар Шарққа кетади" ва "Қорқут ота" лойиҳалари шулар жумласидан.

Шунингдек, ҳамкорликда суратга олинган қатор ҳужжатли фильмлар, жумладан, Ўзбекистон маданий меросига бағишланган фильмлар Россиянинг «Культура», «Мир» ва «РТР» телеканалларида намойиш этилгани алоҳида таъкидланди. Маълум қилинишича, бир нечта янги бадиий фильмлар жорий йилнинг май-июнь ойларида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан 13-чи Тошкент халқаро кинофестивалининг якунлари ва шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган 14- фестивалнинг режалари ҳақида маълумот берилди.

Бундай кенг кўламли тадбирни ўтказишнинг ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда яна бир бор асосий эътиборни маҳорат дарслари, ёшлар кинолойиҳаларининг питчинглари, шунингдек, “Кино 5 кунда” лойиҳасини ўз ичига олган ёшлар йўналишига қаратиш таклиф этилди.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган фестиваль ва анъанага айланган Жаҳон киноси кунлари доирасида МДҲ мамлакатларининг кинобозорини ҳам ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

10 та мамлакат вакиллари 2021 йилда бўлиб ўтган Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш бўйича амалга оширилган ишларни юқори даражада баҳолашди ва мамлакатларда кино тадбирларини ўтказиш намунаси сифатида қабул қилишди.

Ўзбекистон делегацияси шу кунларда Тошкентда биринчи анимацион фильмлар фестивали ўтказилаётгани ҳақида ҳам маълум қилди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон томонидан Bazelevs компанияси билан ҳамкорликда “Хўжа Насриддин” анимацион фильми суратга олинмоқда. Ушбу мультфильмни яратиш бўйича меморандум Тошкент халқаро кинофестивали доирасида имзоланган.

– Кўплаб ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларимизни амалга оширишда қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон вакилларига яна бир бор миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ишонинг, бизга бундай учрашувлар жуда керак, аввал ўтказилган учрашувлар амалий ишларга уланиб кетмоқда. Янги Ўзбекистон кино саноати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ко-продукция форматида фильмлар суратга олишда бошқа давлатлар учун ўрнак бўлмоқда. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган ишларни муҳтарам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кино соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси, деб тушунамиз, – деб фикр билдирди «Беларусфилм» киностудияси бош директори Владимир Карачевский.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг, жумладан, биргаликда кино маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасидаги ижобий тажрибанинг шаклланганлиги қайд этилди. «Тожикфилм» киностудияси бош директори Маҳмадсаид Шоҳиёнинг айтишича, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар ҳали ҳеч қачон бунчалик жадал тус олмаган. "Қисқа вақт ичида биз бир қатор ташкилий учрашувлар ва музокаралар ўтказдик. Ҳозирда сценарий муаллифларининг бирлашган жамоаси фильмлар устида ишламоқда".

– Халқларимизнинг миллий қаҳрамони ҳақида ҳикоя қилувчи “Хўжа Насриддин” анимацион фильмини суратга олиш бўйича Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда иш бошлаганимиздан хурсандмиз. Самарали мулоқот ва ҳамкорлик учун Ўзбекистондан миннатдормиз, – деди Жаъфар Жабборли номидаги «Озарбайжонфилм» давлат киностудияси директори Нозим Гусейнов.

Йиғилиш иштирокчилари келгуси икки йилга мўлжалланган йўл хариталарини ҳам тақдим этдилар. Кино соҳасидаги таълим, кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фестивалларни ўтказиш ва мутахассислар алмашинуви, халқаро тадбирларни ўтказиш, шунингдек, халқаро фестиваллар ва кино кунларида иштирок этаётган фильмларни таржима қилиш ва дубляж ишлари бўйича ягона марказлаштирилган жамғарма ташкил этишга оид қўшма ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар берилди.

Иштирокчи мамлакатлар томонидан ўз миллий телеканалларида намойиш қилиш учун ўзаро алмашиши мумкин бўлган МДҲ мамлакатлари фильмларининг олтин тўпламини шакллантириш бўйича ғоялар илгари сурилди. Мутахассисларнинг ягона ахборот базасини яратиш ва экспертлар алмашинуви, халқаро кино бозори ва кинофестивалларида ҳамкорликда иштирок этиш ташаббуслари ҳам билдирилди.

Иштирокчи мамлакатларнинг барча таклифлари кинолойиҳаларнинг ягона портфели кўринишида шакллантирилади, кейинчалик улар МДҲ Ижроия қўмитаси ва иштирокчи мамлакатлар ҳукуматлари билан мувофиқлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи охирида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари ва Грузия киностудиялари раҳбарлари кенгашининг кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича IV йиғилиши давомида Бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган МДҲ давлатлари ва Грузия киностудияларининг Халқаро ижодий уюшмаси ташкил этилди. Ташкилот раиси этиб бир овоздан Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов сайланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1