“UzAuto Motors” АЖ ташаббуси билан HeadHunter компанияси (Қозоғистон вакиллари) билан ҳамкорликда Замонавий бошқарув менежментга бағишланган конференция ташкил этилди. Унда мамлакатнинг 70 дан ортиқ етакчи ташкилотларининг соҳа мутахассислари иштирок этишди. Бу ҳақда “UzAuto Motors” матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур конференцияни ташкил этишнинг асосий мақсади, ходимлар ташкилотнинг асосий қадрияти сифатида уларнинг ролини ошириш, рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш ва КПИ тизимини тадбиқ этишдаги асосий масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва фикрлар хилма-хиллиги асосида оптимал қарорлар қабул қилишни йўлга қўйиш.
Конференция давомида соҳанинг етакчи вакиллари томонидан баён этилган тажрибалар ҳамкор ташкилотлар фаолиятида ходимларнинг самарадорлик кўрсаткичларини рағбатлантиришни шаффоф, тизимлаштирилган тартибда йўлга қўйишда ижобий самара бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, HeadHunte—интернет рекрутмент бўйича Россия, Белорус, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларида фаолият олиб бораётган, SimilarWeb статистикаси бўйича рекрутмент рейтингида дунё бўйича 3 ўринни эгаллаб турган бизнес компания ҳисобланади. Компания жами 450 минг корхоналар билан, Ўзбекистоннинг 2 000 дан зиёд корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. “UzAuto Motors” АЖ мазкур компания билан 2021 йилдан буён Ходимларни бошқариш соҳасида ҳамкорликда ишлаб келмоқда.







