АсосийЖАМИЯТ

“ОЛТИН ҚАЛАМ” XVI: Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида 2022 йил 22 апрель куни “Олтин қалам” XVI Миллий...

'“ОЛТИН ҚАЛАМ” XVI: Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида 2022 йил 22 апрель куни “Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти учун халқаро танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди. Тадбирда қўмита аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу ишлар доирасида 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ҳар йили юксак савияда ташкил этилади. Бу танлов  халқаро майдонда матбуот ва сўз эркинлиги соҳасида мамлакатимиз нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.

“Олтин қалам” танлови миллий ва халқаро журналистиканинг ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фаол фуқаролик позициясини намоён этишлари учун шароит яратиш, журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни шакллантириш, ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий журналистика ривожига ҳисса қўшишни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилгани ҳам эътирофга молик.

Жорий йилда ўтказилаётган “Олтин қалам” XVI танловида телевидение, радио, босма нашрлар, интернет-журналистика ва чет эллик журналистнинг Ўзбекистон  ҳақидаги энг яхши материали йўналишлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари томонидан номинациялар эълон қилингани, қолаверса, нафақат маҳаллий, балки хорижлик журналистлари ҳам  фаол иштирок этгани танловнинг мавқеи ортиб бораётганидан далолат беради.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров “Олтин қалам” XVI танловига 435 нафар иштирокчидан 5 000 га яқин ижодий ишлар келиб тушганини маълум қилди. Хусусан, телевидение йўналиши бўйича — 126 нафар, босма нашрлар йўналиши бўйича — 138 нафар, интернет-журналистика йўналиши бўйича — 44 нафар ҳамда “ОАВ билан фаол ҳамкорлик қилган ахборот хизмати” номинацияси бўйича — 16 нафар иштирокчи қайд этилган.

Журналистика соҳасида “Олтин қалам” ХVI Миллий мукофоти учун халқаро танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилишида танлов ғолиблари ва совриндорларига мукофотларни топширишга бағишланган тантанали маросимни ташкил этиш, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов тўғрисидаги Низомга ўзгартиш киритиш, “Олтин қалам” XVI  Миллий мукофоти учун халқаро танлов ҳайъати ва унинг ишчи гуруҳи таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарор қилинди.

    Бошқа янгиликлар