Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг соч тўкилиши ҳақидаги саволларга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом РАҲИМОВ жавоб берди.
— Сочнинг табиий ёки меъёридан ортиқ тўкилаётганини билиш мумкинми?
— Албатта. Бунинг учун бошни ювиб, орадан бир кун ўтгач, соч толаларини ушлаб тортинг. Агар қўлингизга 7 донадан кам тола узилиб чиқса, бунинг зарари йўқ. Бироқ акси бўлса, имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилиш лозим.
— Соч тўкилишининг олдини олиш учун нима қилиш керак?
— Бунинг учун, аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва тўғри овқатланиш зарур. Унутманг, сочларнинг тўкилиш муаммосини махсус шампунь, витамин-минералли комплекслар ва шу каби қўшимча воситалар ёрдамида ҳал қилиш ижобий самара беради.
Соч парваришига тааллуқли баъзи воситалар таркибида фойдали ва парваришловчи компонентлар мавжуд ва улар сочларга ижобий таъсир кўрсатади. Зарур бўлган моддалар етишмовчилигини тўлдириб, фолликулаларнинг озиқланишини яхшилайди.
️Соч парваришида қуйидагиларга амал қилиш лозим:
Cочни юваётганда сув ҳарорати 35-45 даража илиқ бўлиши керак. Соч қанчалик ёғли бўлса, сув ҳарорати нисбатан пастроқ бўлиши зарур.
Шампунни соч турига қараб танлаш мақсадга мувофиқ. Мутахассислар шампундан сўнг махсус текисловчи воситалардан фойдаланишни тавсия қилади. Улар соч қуришини ва тарашни осонлаштиради, толага эластиклик бахш этади.
Соч тараш бир қарашда оддийдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ҳам эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳатлари бор: жумладан, калта сочлар илдизидан, узун сочлар пастки қисмидан бошлаб таралади.
👉🏻Соч қуриткични тез-тез қўллаш тавсия этилмайди. Уни бошдан 40 сантиметр узоқликда ушлаб — “совуқ қуритиш” лозим.
Унутманг! Сочни совун билан ювиш мумкин эмас. Чунки совун толадаги сув-липид қаватини йўқотади ва зарарлайди.