Ижтимоий тармоқларда “Самарқандда Ички ишлар бошқармасига тегишли машинада ёш болаларни “грузовой”га ортгандай ортишибди” сарлавҳаси остида видео тарқалди. Бу ҳақда вилоят ИИВ хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходими ўзига бириктирилган “Дамас” русумли 30 053 VSF давлат рақам белгили транспорт воситаси билан 3 нафар вояга етмаганларни тиббий кўрикдан ўтказиб, марказга олиб қайтаётган бўлган. Тасвирлардаги ҳолатда вояга етмаган А.А. машинанинг пастга туширилган орқа ўриндиғида ётиб кетганлиги акс этган. Қолган икки нафар бола машинанинг ўрта қаторидаги ўриндиқда ўтириб кетган.
Машинадаги вояга етмаганларни назоратсиз қолдирган ходимга нисбатан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви тайинланиб, якуни бўйича қатъий чора кўрилиши белгиланди.






