АсосийDunyo

Дунё бўйича болаларда номаълум хасталик тарқалмоқда — ЖССТ

'Дунё бўйича болаларда номаълум хасталик тарқалмоқда — ЖССТ'ning rasmi

Дунёнинг қатор мамлакатларида болалар ўртасида номаълум инфекция тарқалмоқда. Касаллик кичик ёшли беморларнинг жигарига зиён етказиб, оғир ҳолатларни келтириб чиқаряпти.  Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча кун аввал ЖССТ маълумотларига таяниб хабар берган эди. 

Маълум қилишича, ҳозир Буюк Британияда 74, Испанияда 3 ва Ирландияда 4 та шундай ҳолат бўйича текширувлар бошланган.

АҚШда эса 9 та нохуш вазият бўйича тергов олиб бориляпти. Уларнинг барчаси Алабама штатида рўйхатга олинган. Беморлар — 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар. Ушбу сирли касаллик улардан икки нафарида жигар трансплантациясига муҳтожликни юзага келтирди.  

Ҳозир соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари бошқа штатларда ҳам бу сингари ҳолатлар юз берганми, йўқми, шу ҳақда маълумотлар тўплашяпти.  

ЖССТга мазкур ноодатий хасталик тўғрисида илк бор шу йилнинг апрель ойида хабар келиб тушган. Кейинроқ Шотландияда 10 нафар бола жигар зарарланиши билан шифохонага ётқизилгани маълум бўлди. Беморлардан бири январь ойида, қолган тўққиз нафари эса март ойида хасталикка чалинган. Уларнинг барчасига гепатит ташхиси қўйилган.  

Болакайларда сарғайиш, диарея ва қорин оғриғи каби умумий белгилар мавжуд эди. Лаборатория текширувларида ушбу касалликни келтириб чиқарувчи инфекция гепатит А, В, С ва Е вируслари эмаслиги маълум бўлди. Мутахассислар бу ҳолат аденовируслар тарқалиши кучайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган фикрда.   Чунки ана вируснинг айрим турлари нафақат иситма, томоқ оғриғи, йўтал, балки ошқозон ва ичакларнинг яллиғланиши каби асоратларни ҳам келтириб чиқариши кузатилган.  

АЙни пайтжа ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти куни кеча бўлиб ўтган брифингда ушбу хавфли хасталик юзасидан қўшимча маълумот берди.  

Қайд этилишича, мазкур вируснинг белгилари ҳам, асоратлари ҳам гепатитники билан жуда ўхшаш. Аммо текширувларда у гепатитнинг ҳеч бир, яъни А, B, С, D ва E турларига мансуб эмаслиги маълум бўлди.  

Ҳозиргача бу хасталикка чалинган болалар сони Буюк Британияда 114, Испанияда 13, АҚШда 9, Данияда 6, Ирландияда 5, Исроилда 2 нафарни ташкил этмоқда. Нидерландия ва Италияда ҳам 4 нафардан ўғил-қизда инфекция аниқланди. Қолаверса, Франция ва Норвегиядан икки нафардан, Бельгия ҳамда Руминияда эса бир нафардан  беморда вирус қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, беморлар орасида бир ойлик чақалоқдан 16 ёшли ўcмирларгача бор. Энг ёмони, улардан бир нафари касаллик асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмди.  

Умуман, ҳозир инфекцияни юқтирганларнинг ўн фоизи ҳаёти жиддий хавф остида. Уларда тезкор жигар трансплантацияси ўтказиш талаб этилмоқда.  

ЖССТнинг баёнотида хасталик қорин оғриқи, диарея, қайт қилиш сингари аломатлар билан намоён бўлаётгани айтилади. Аксарият ҳолларда юқори тана ҳарорати кузатилаётгани йўқ.

Аммо дастлабки таҳлилларга кўра, 74 нафар бемор болада аденовирус асоратлари кузатилган. Шунга қарамай, мутахассислар касалликнинг келиб чиқиши қайсидир турга мансуб мавжуд вируслар билан боғлиқ, деган аниқ хулосани айтишга шошилгани йўқ.

 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар