Жиззах вилоятининг Фориш тумани "Эгизбулоқ" маҳалласидаги селдан зарар кўрган 43 та хонадонда тозалаш ишлари якунланди. Мазкур хонадонлардан 1184 тонна чиқинди олиб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмонов хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳудуддаги тозалаш ишлари 913 нафар ҳашарчи ҳамда 108 техника ёрдамида амалга оширилган.
Таъкидланишича, ҳудуддаги талафот етган қабристон тикланиб, канализация тизимлари, сув тозалаш иншоотлари соз ҳолатга келтирилмоқда. Шу билан бир қаторда мазкур объектларда ҳам дезинфекция тадбирлари амалга оширилди. Шунингдек, зарарланган ҳудудларда тўпланган 29 бош уй ҳайвонлари жасади санитария қоидаларига мувофиқ кўмилган. Шу билан бир қаторда 3 та тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда 158 нафар тиббиёт ходими томонидан аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкил этилиб, 6 турдаги дори ҳамда антисептик воситалар тарқатилмоқда.
Қўшимча қилинишича, селдан жабрланган аҳолига зарурий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш мақсадида, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг +998955041050 ҳамда Жиззах вилояти ФВБнинг 1050, 101 Call-center фаолияти йўлга қўйилиб, мурожаатлар қабул қилиниши ташкил этилган.
"Ҳозирга қадар фуқаролардан жами 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг мурожаатлари бўйича тизимлаштирилган ҳолда зарур тадбирлар кўрилиб, ўз вақтида ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида селдан талафот кўрганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш штабига нафақат Жиззах вилоятидан, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материаллари карвонлари келяпти. Ушбу гуманитар ёрдамлар селдан талафот кўрган аҳолига етказиб берилмоқда", — дейди Фаррух Абдураҳмонов.






