1

Сенатда янги Ишчи гуруҳ тузилди

СИЁСАТ 27.04.2022, 12:03
Сенатда янги Ишчи гуруҳ тузилди

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан ножўя ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масалаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, авваллари ушбу тоифадаги инсонларга тазйиқ ва зўравонлик ёпиқ мавзу бўлиб, у очиқ-ошкора муҳокама қилинмас эди. Бугунги очиқлик сиёсати туфайли аёлларнинг муаммолари юқори минбарларда тилга олинмоқда, хотин-қизларнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари ҳал этилмоқда.

Афсуски, соҳада амалга оширилаётган ишларга қарамасдан, салбий ҳолатлар ҳанузгача содир этилмоқда. Хотин-қизлар ва вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик ва шилқимлик ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Бу амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш нормаларини пухта кўриб чиқишни, уларни мавжуд воқеликка мослаштиришни талаб қилади.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масалаларини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилди. Унга ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган, улар кейинчалик мамлакат парламенти томонидан кўриб чиқилади.

" ННТ, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини, олимлар ва мутахассисларни Олий Мажлис Сенатида ташкил этилган Ишчи гуруҳ фаолиятида фаол иштирок этишга чақирамиз (senat14@exat.uz, qonunchilik@senat.go.uz)", - дейилади хабарда. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1