АсосийЖАМИЯТ

Пекиндаги ШҲТ котибиятида хитой тилида тайёрланган рисола тақдимоти бўлиб ўтди

Пекиндаги ШҲТ котибиятида Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан...

'Пекиндаги ШҲТ котибиятида хитой тилида тайёрланган рисола тақдимоти бўлиб ўтди'ning rasmi

Пекиндаги ШҲТ котибиятида Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан хитой тилида тайёрланган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” номли рисоланинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасида Ўзбекистоннинг ХХРдаги дипломатик ваколатхонаси ҳамда ШҲТ котибияти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда ташкил этилди.

Тақдимотда ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, ташкилотга аъзо давлатларнинг Хитойдаги дипломатик миссиялари вакиллари, кузатувчи давлатлар, ташкилот ҳамкорлари, шунингдек, Хитойнинг етакчи таҳлилий марказлари экспертлари иштирок этди.

Иштирокчилар Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг асосий устувор йўналишлари, хусусан, унинг мақсад ва вазифалари билан танишишди.

Мулоқот чоғида асосий урғу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида кейинги йилларда эришилган натижалар ҳамда амалга оширилаётган чора-тадбирларга қаратилди.

Хитойлик мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу рисола МДҲ ҳамда Марказий Осиё давлатларининг ривожланиш ислоҳотлари натижасида хитой тилида чоп этилган биринчи асардир.

Тақдимот чоғида Чжан Минг Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ўзбек халқининг орзу-интилишларини акс эттиргани, мамлакатнинг ривожланиш йўлида катта мақсад ҳамда кучли ирода билан одимлаб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. ШҲТ Бош котиби, шунингдек, Тараққиёт стратегияси нафақат ижтимоий соҳани, балки иқтисодий йўналишни ҳам ривожлантиришда муҳим ўрин касб этишини қайд этди.

“Президент Шавкат Мирзиёев ҳақиқатда тарихий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ўзбекистоннинг очиқ ва шаффоф ташқи сиёсати мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини оширишга ва халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳисса қўшмоқда, шу ўринда ШҲТ доирасида ҳам.

Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги фаолияти давомида ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида тараққиёт, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистон ШҲТда кўриб чиқиладиган масалаларнинг кун тартибини бойитиш, ташкилот нуфузи ва халқаро муносабатлар тизимидаги ролини оширишга хизмат қилувчи кўплаб муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда” – дейди Чжан Мин.

Чжан Мин Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигини юқори баҳолаб, ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётгани Тошкентнинг фаол саъй-ҳаракатлари ШҲТ саммитининг Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтиши учун зарур шарт-шароит яратаётганини алоҳида таъкидлади.

“Ўзбекистонга боришни ва мамлакатдаги янги ўзгаришларга шахсан гувоҳ бўлишни интиқлик билан кутаяпман”, – дейди Бош котиб. Хитойлик экспертлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалга ошираётган ислоҳот дастурини юқори баҳолаб, дастур, бир томондан, мамлакатни модернизация қилиш вазифасини ўз ичига олган бўлса, иккинчи томондан, ўзбек халқининг тарихий, маънавий ва маданий қадриятларини сақлаб қолишни мужассам этади. Бундан ташқари, иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва ўзгартириш ҳам чуқур ўйланган ижтимоий сиёсат билан боғлиқдир.

Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти директори Ли Юнцуань 2017 йили Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ҳозир ўзининг амалий натижаларини бераётганини, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва одилона сиёсати жаҳон ҳамжамиятининг кенг эътирофига сазовор бўлаётганини таъкидлади.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давомидир. Ли Юнцуаннинг назарида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатнинг бунёдкорлик салоҳияти асосида белгиланган янада юксак мақсадлар кўзлаган бўлиб, кўп ўзгаришни ўз ичига олади.

Хитой Замонавий халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти директори Дин Сяосиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон тараққиётининг олдинги беш йиллик босқичи мисли кўрилмаган ўзгаришлар ва инновацион ислоҳотлар даври бўлди. Ўзбекистонда бирор-бир ривожланмаган соҳа қолмади.

Хитойлик экспертларнинг қайд этишича, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ана шу ўзгаришларнинг амалий давоми бўлиб, ушбу стратегия ёрдамида биз Ўзбекистоннинг янги даврга қадам қўйишининг гувоҳи бўламиз.

Хитой Ижтимоий фанлар академияси қошидаги Хитой ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик кенгаши директори ўринбосари Су Чаннинг фикрича, сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон амалга оширган иқтисодий ислоҳотлар ёрдамида сезиларли натижаларга эришди. Тараққиёт стратегияси ёрдами билан Ўзбекистон Республикаси бутун Марказий Осиё минтақасидаги энг барқарор давлат ва иқтисодий ўсишнинг драйверига айланди.

Ўзбекистон ўзгаришларнинг навбатдаги босқичи – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш босқичига киришди. Бу, аслида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз мамлакати келажакдаги тараққиёти борасидаги оқилона ва кенг кўламли қарашидир.

Умуман олганда, “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” номли рисоланинг тақдимоти Хитой сиёсий эксперт доиралари вакилларида мамлакатимиздаги замонавий ислоҳотларни чуқурроқ ўрганиш истаги пайдо бўлганини кўрсатди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистондаги ўзгаришлар Марказий Осиёда, айниқса, қўшни минтақа ва бутун дунёда юзага келаётган босим ва кутилмаган ҳолатлар фонида “барқарорлаштирувчи” давлат ролини ўйнайди.

    Бошқа янгиликлар