1

“Ўзбекистонга келганимнинг катта сабаби бор”. Ҳинд Мадоннаси, машҳур “Made in India” қўшиғи ижрочиси Алиша Чинайдан махсус интервью (видео)

МАДАНИЯТ 28.04.2022, 15:45
“Ўзбекистонга келганимнинг катта сабаби бор”. Ҳинд Мадоннаси, машҳур “Made in India” қўшиғи ижрочиси Алиша Чинайдан махсус интервью (видео)

Барчамизга яхши таниш бўлган «Зуби зуби», «Made in India», «Тинка-тинка», «Дил», «Кажра-ре» каби ўнлаб хит тароналар ижрочиси, Ҳиндистон Мадоннаси — Алиша Чинай Ўзбекистонга ташриф буюрди. “Darakchi.uz”  Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизга илк марта ташриф буюрган жаҳон юлдузи билан интервью ташкил қилди. 

Маълумот учун, асли исми Суджатда бўлган Алиша Чинай 1965 йилда Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида мусиқачилар оиласида туғилган. Отаcи мумтоз қўшиқлар ижрочиси, онаси  фортепианода ижод қилган. Фаолиятини модельерликдан бошлаган қаҳрамонимиз кейинчалик ўзини театрда синаб кўрган, шундан сўнг фильмларда кўриниш бера бошлаган. 

Алиша ўзининг юлдузли онларига қадар кечирган ҳаёти, қўшиқчилик карьерасининг қандай бошлангани, орзулари, хотиралари шунинг билан биргаликда Ўзбекистон сафари таассуротларини биз билан ўртоқлашди.

— Ассалому алайкум, Алиша хоним! Ўзбекистонга хуш келибсиз. Сизни кўриб турганимиздан жуда мамнунмиз. 

— Ассалому алайкум! Катта раҳмат.

— Адашмасам, бу сизнинг юртимизга қилган биринчи ташрифингиз. Келинг, дастлаб Ўзбекистон ҳақидаги биринчи таассуротингиз ва сафарингиз режалари ҳақида гаплашсак.

— Адашмадингиз, бу менинг Ўзбекистонга қилган биринчи сафарим. Ушбу мамлакат ҳақидаги биринчи таассуротим эса жуда ёқимли. Ўзбекистонликлар маданиятли, сиздан ёрдамини аямайдиган, жуда меҳрибон ва меҳмондўст инсонлар экан. Саёҳатим режаларига тўхталсам, бу ерга келишим биланоқ Тошкент бўйлаб кичкина саёҳат қилдим. Рости, жуда қизиқарли кечди. Тошкент замонавий ва бир пайтнинг ўзида қадимий шаҳар экан. Сафарим давомида Самарқанд, Бухоро каби тарихий масканларга ҳам боришни режалаштирганман. 

— Сиз Ҳиндистон Мадоннаси сифатида танилгансиз ва ёшлигингиздан бошлаб мусиқага меҳр қўйгансиз. Ота-онангиз ҳам санъаткор бўлишган. Улар сизнинг танловингизга қандай қарашган? Санъаткор бўлиш истагингизни қўллаб-қувватлашганми?

— Ҳа, албатта. Ота-онам доимо мени қўллаб қувватлаган. Отам мумтоз мусиқачи бўлган. Онам эса пианиночи эди. Болалигимдан мусиқа бағрида шарқий ва классик мусиқаларни тинглаб улғайдим. Шунинг учун ҳам бу соҳага қадам қўйишимда оиламнинг ўрни ва таъсири жуда катта. 

— Кинодаги карьерангиз қандай бошланган?

— Бу жуда ҳам узоқ тарих. Аслида, ўз карьерамни модельерликдан бошлаганман. Кейин театрга қатнай бошладим. Ана шу даврда машҳур кинокомпозитор Баппи Лахири  билан танишиб қолганман. Улар менда ижро қобилияти борлигини ҳис қилганлар. Кўп ўтмай, биринчи таронам «Тарзан»ни ижро этдим. Ҳаммаси шундан кейин бошлади. Бирин-кетин тароналарим хит даражасига кўтарилди. «Зуби-зуби», «Тинка-тинка», «Кажра-ре», «Мистер Индия» ва бошқалар шулар жумласидандир.

— Келинг, энг машҳур қўшиқларингиздан бири бўлган “Made in India” ҳақида гаплашсак. Бу қўшиқ бутун дунё бўйлаб машҳур ва ҳатто унга ишланган клип ҳам жуда оммалашиб кетган. Ушбу таронангиз қандай яратилган?

— “Made in India” — аслида бу менинг афсонавий альбомим. У бутун Ҳиндистон мусиқа тарихида туб бурилиш ясаган. “Made in India” қўшиғидан сўнг Ҳиндистонда мусиқий революция юз берди десам адашмайман. Унгача фақат Болливуд ва саундтреклар бор эди. Бу қўшиқ Ҳиндистонга поп йўналишини олиб кирди ва чин маънода трендга чиқди. Умуман олганда “Made in India” таронаси ҳиндистонликлар учун ғурур тимсолига айланган афсона.Менга ҳақиқий юлдузлик онларимни айнан мана шу қўшиқ тақдим қилган. 

— Қўшиқларингиз фильмларда бир қанча машҳур актрисалар томонидан ижро этилган. Масалан, Аишвария Рай, Шридеви, Мадхури Дикшит, Приянка Чопра ва бошқалар. Экранда уларнинг ижросини кўриб кўнглингиз тўлганми?

— Ҳа, албатта. Ҳар бирининг ижроси ўзига хос бўлган. Баъзан саундтрекни қайси актриса ижро қилишидан бехабар ҳолда куйлардим. Лекин, «Кажра-ре»ни Аишвария ижро этишини билгандим. Шунинг учун иложи борича ёқимли ва фариштаники мисол соф овозда ижро қилишга ҳаракат қилганман. Чунки Аишварияни жуда ҳам яхши кўрардим.

— Яна кино карьерангизга қайтсак. Нима учун ҳинд фильмлари учун соундтреклар куйламай қўйдингиз?

— Мен аслида кино ва қўшиқчиликни параллель олиб боришни истагандим. Шунинг учун ўзимнинг соло альбомимни яратишга киришдим. Чунки солода ижрочининг шахси ҳам танилади, саундтрекларда эса фақат актрисалар намойиш этилади. Болливудда мен ўз мусиқамни ярата олмадим. Боиси, у ерда ижодим устидан назорат жуда кучли эди. Ўз таронамни яратсам истаганимни изҳор эта олишимни тушунганман. Бошқача айтганда, соло бу менинг шахсий ҳикоям, шахсий асарим бўла олишини англадим. 

— Бир неча йиллардан буён янги тароналар чиқармаяпсиз. Бунинг сабаби нимада?

— Очиғини айтсам, мен ижодимда кичик танаффус қилмоқчи эдим. Лекин у узоққа чўзилиб кетди. Айни дамда шу танаффусимни якунлаш мақсадида икки янги таронам устида ишлаяпман. Ҳозирги пайтда қандай ижодий жараёнлар билан бандсиз?Ҳозирда янги мусиқий альбом лойиҳаси устида ишлаяпман. Мен ноодатий тарзда, янгича услубда ижод қилмоқчиман. Шу мақсадда Марказий Осиёда бир қанча режаларни амалга оширмоқчимиз. Дунёда Лас-Вегас, Прага каби жуда машҳур локациялар бор, аммо менинг эътиборимни Марказий Осиё ўзига тортди. Айтиб ўтишим лозим, ушбу лойиҳаларимни Тожикистонлик продюсерим билан амалга оширяпмиз. 

— Вақтни орқага қайтариш имкони бўлса, қайси ёшингизга қайтишни истардингиз ва нима учун?

— Балки, “Made in India” эълон қилинган вақтларга қайтган бўлардим. Чунки, муваффақиятимдан янада кўпроқ роҳатланишни истардим. Ҳаётингизда омад бирданига, кутилмаганда келади ва сиз ундан тўлақонли роҳатлана олмайсиз, унга тўя олмайсиз. Мен ана шу пайтда иш, гастроллар ва концертлар билан банд бўлганман. Шунинг учун, ўша йилларга қайтишни, ўша ҳисларимни қайтадан туйишни ва янгидан ҳузур қилишни истардим. 

— Эшитишимча, Ўзбекистонда янги қўшиғингиз учун видеоклип олиняпти. Агар имкони бўлса, қўшиқ ва клип сюжети ҳақида маълумот берсангиз.

— Мен ўзимнинг янги мусиқий тароналарим клипларини Марказий Осиёда суратга олишга қарор қилдим ва тасвирга олиш жараёнларини Ўзбекистондан бошладим. Мен бу ердаги бир қанча манзилларни жуда яхши кўраман. Айниқса, Самарқанд ва Бухорони. Мен анчадан бери бу шаҳарларга келишни орзу қилардим. Ниҳоят бу амалга ошяпти. Бевосита қўшиқ ҳақида тўхталадиган бўлсам, у “Made in India”нинг давоми, яъни иккинчи қисми. Бу қўшиқ турли миллат вакиллари ўртасида муҳаббатни тараннум этади. 

— Шу нуқтада суҳбатимизнинг биринчи қисмига якун ясаймиз ва блиц саволларга навбат берамиз. Демак, биринчи савол. Қарор қабул қилишда юрагингизга қулоқ тутасизми, ёки ақлингизгами?

— Очиғини айтсам, доим ақлимга таянишга ҳаракат қиламан, лекин барибир қалб амри устун келади. Бу эса кўп ҳолларда менга катта қийинчиликлар туғдиради.

— Ҳиндистонда ҳар бир сайёҳ бориб кўриши керак бўлган жой, бу сизнингча қаер?

— Ҳамма Ҳиндистонга Тож Маҳални кўриш учун боради. Лекин, Ражастан, Жайпур, Удайпур ҳам саёҳатдан мароқ олиш имконини бера оладиган ажойиб масканлар. 

— Ўзбек миллий таомларидан татиб кўрдингизми? Улар ҳақидаги фикрингиз? 

— Мен кабоб, манти, палов ва қозон кабоблардан татиб кўрдим. Уларнинг барчаси ақлга сиғмайдиган даражада мазали.

— Ўзбекистондан қандай хотиралар ва эсдаликларни олиб кетмоқчисиз?

— Аслида, суратга олаётган мусиқий видеоклипим мен учун буюк хотира бўлади. Бундан ташқари ўзбек миллий либослари, сопол идишлар, миллий тақинчоқлар, шунингдек сомса ва палов олиб кетмоқчиман. Менга сомса ва палов жуда ҳам ёқди. 

— Энг севимли ҳинд фильмингиз? 

— Мен ҳамиша Раж Капурнинг эски фильмларини кўришни ёқтираман. Шунингдек, «Мугҳал-э-Аъзам» ва «Ҳум дил де чуке санам» фильмлари жуда ёқади.

— Энг яхши кўрган актёрингиз?

— Жамес Бонд ва Даниел Крейг. 

— Хоббиларингиз?

— Куйлашдан ташқари, таом тайёрлашни ёқтираман. Боғдорчилик ва уй ишларини қилиш эса умуман ёқмайди. 

— Энг катта орзуйингиз қайси? 

— Энг катта орзуйим... ички хотиржамликка эришиш менинг энг катта орзуйим. Оддий ва содда ҳаёт кечиришни орзу қиламан. 

— Умрингиздаги энг эсда қоларли ва унутилмас хотирангиз қайси?

— “Made in India” — энг буюк, энг унутилмас хотирам шу. Умримдаги энг катта воқеа ҳам шу. Ушбу альбом менга Халқаро Биллбоард ва Фредди Меркури мукофотини олиб келган. Бу альбомим билан ҳамиша фахрланаман. 

— Ўзингиз ижро этган тароналарингиз орасидан энг яхшиси қайси деб ҳисоблайсиз? Интервьюмиз учун бир парча хиргойи қилиб бера оласизми? 

— Энг яхши таронам деб кўп бор таъкидлаганим “Made in India”ни айта оламан. Шунингдек, «Кажра-ре», «Тинка-тинка» каби тароналарим ҳам ўзимга жуда ёқади. (“Made in India” таронасидан парча ижро этиб берди.)

— Жавобларингиз, биз учун ажратган вақтингиз ва эътиборингиз учун катта раҳмат! Биз уни чин дилдан қадрлаймиз. Ишонамизки, бу суҳбат ўқувчиларимиз учун ҳам жуда қизиқарли бўлади. Сиздан янги-янги хит тароналарни кутиб қоламиз. Яна бир бор катта раҳмат! 

— Сизга ҳам катта раҳмат!

Рисолат МАХСИМОВА суҳбатлашди

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1