Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи чорагида одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида хабар бериш мақсадида брифинг ташкил қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Брифингда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Анвар Ибрагимов, судьялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан
2022 йилнинг 1-чорагида жами 16 878 тафуқаролик иши тамомланган бўлиб, ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 373 тага ёки 46,7 фоизга кўпайган (2021 йил 1-чорагида бу кўрсаткич 11.505 тани ташкил этган).
Тошкент шаҳар суди раис ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шухрат Аббасовнинг ахборот беришича, 2021 йилниг 1-чорагига нисбатан жорий йилнинг 1-чорагида ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган қуйидаги тоифа ишлар сони камайган:
- Иш ҳақини ундириш, ҳодим томонидан иш берувчига етказилган зарарни ундириш ва бошқа меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар 273 тадан 189 тага (-84 та);
- мулкни рўйхатдан ёки хатлашдан чиқариш (уй-жой низосидан ташқари) 16 тадан 6 тага (-10 та);
- маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш 25 тадан 4 тага (-21 та);
- уйга киритиш ҳақидаги ишлар 112 тадан 86 таг (-26 та);
- атроф-муҳит, тарихий, маданий ёдгорликларга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 5 тадан 3 тага (-2 та) камайган.
Шунингдек, қайси тоифадаги ишлар сони кўпайганига ҳам тўхталиб ўтилди:

- кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар 4.671 тадан 7.565 тага (+2.894 та);
- никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 1.655 тадан 1.853 тага (+198 та);
- ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 289 тадан 477 тага (+188 та);
- уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишлар 297 тадан 455 тага (+158 та);
- қарз ундириш ҳақидаги ишлар 462 тадан 565 тага (+103 та);
- қонунга хилоф тарзда жавобгарликка тортиш, жалб қилиш натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 17 тадан 58 тага (+41 та);
- мерос билан боғлиқ ишлар 69 тадан 105 тага (+36 та) кўпайган.
Юқоридаги маълумотлардан, 2022 йилнинг 1-чорагида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан никоҳдан ажратиш ва кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ошганлиги кўринади.
— Мазкур ишлар таҳлилидан кўринишича, кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникалар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келади. Шу билан бирга, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар ўтган йиллардаги эпидемиологик вазият сабабли аҳоли даромадининг нисбатан камайганлиги ва тўлов қобилиятининг пасайганлиги билан боғлиқдир, - дея ахборот берган Тошкент шаҳар суди раис ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шухрат Аббасов энг оғриқли масалалардан бири – никоҳдан ажратишларга ҳам тўхталди.
— 2022 йилнинг 1-чорагида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда 1 840 тадан 2 030 тага кўпайган. Шундан қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йил 1-чорагида 860 та ёки 46,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1-чорагида 928 та ёки 45,7 фоизни ташкил этган. Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилнинг 1-чорагида 1 102 тани ёки 54,3 фоизни ташкил этган (2021 йил 1-чорагида 980 та ёки 53,3 фоиз). Никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 2 030 та ишнинг 1 132 таси бўйича аёллар, 898 таси бўйича эркаклар даъвогар сифатида қатнашган. Энг ачинарлиси, никоҳдан ажратилган оилаларнинг 1 063 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган, - дейди Шухрат Аббасов.
2022 йилниг 1-чорагида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларини Тошкент шаҳрининг туманлар кесимида таҳлил қилинганда,
- Юнусобод тумани бўйича 287 (254) та,
- Олмазор тумани бўйича 233 (201)та,
- Яшнобод тумани бўйича 232 (266) та,
- Шайхонтоҳур тумани бўйича 225 (170) та,
- Мирзо Улуғбек тумани бўйича 223 (232) та,
- Чилонзор тумани бўйича 214 (167) тани ташкил этиб, бошқа туманларга қараганда сезиларли кўплиги маълум қилинди.
Брифингда айтилишича, оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказ”ларига яраштириш учун муҳлат тайинланган ва рад этилган ишлар юзасидан хатлар юборилаётган экан.
Шухрат Аббасов кейинги йилларда судлар томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида кўплаб оқлов ҳукмлари қабул қилинаётганига ҳам тўхталди.
— Бу ўз навбатида фуқаролик ҳуқуқий оқибатларини ҳам келтириб чиқармоқда. Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 60 та фуқаролик иши кўрилган. Шундан 50 таси ёки 83,3 фоизи қаноатлантирилиб, фуқароларнинг фойдасига 9.765.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2022 йилнинг 1-чорагида интеллектуал мулк ҳуқуқидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ 4 та фуқаролик иши кўриб чиқилган. Шундан 3 таси қаноатлантирилиб, 100 000 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган, 1 та даъво ариза қаноатлантиришдан рад этилган. Мазкур даврда судлар томонидан 91 та фарзандликка олиш ҳақидаги аризалар кўриб чиқилган бўлган, шундан 83 таси қаноатлантирилган, 7 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган, - дейди Тошкент шаҳар суди раис ўринбосари.






