Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Ҳайъат мажлиси видеконференцалоқа шаклида ўтказилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Унда 2022 йилнинг I чораги давомида адлия органлари ва муассасалари томонидан амалга оширилган ишлар якуни, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, Адлия вазирлиги томонидан давлат ва жамият ҳаётининг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган 60 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 7 та қонун, 20 та Президент ҳужжатлари, 20 та Ҳукумат ҳужжатлари, 13 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.
518 та қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
66 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Келиб тушган жами 40,6 минг мурожаатларнинг 34 мингтаси яъни 86 фоизи қонуний ҳал этилди.Келиб тушган мурожаатлар ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 16 фоизга, ҳал этилган мурожаатлар 11 фоизга ортган.
Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 2022 йил 1-чорагида 13 171 та тақдимнома киритилди, 2 501 нафар шахслар маъмурий, 6 776 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 95 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Судларга 2022 йил 1-чорагида 102,6 млрд. сўмлик 9 145 та даъволар киритилиб, 89,2 млрд. сўмлик 8 418 та даъволар қаноатлантирилди. Алоҳида қайд этиш керакки, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиб судларга киритилган даъво аризалари ва уларни қаноатлантириш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 бараварга ошган.
Шунингдек, таъсир чоралари натижасида 13 665 та ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинган ҳамда қонунчиликка мувофиқлаштирилган. Бу эса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 бараварга ошган.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 2022 йил 1-чорагида 152 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.
3,4 млн.га яқин давлат хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, ҳудудий адлия органлари фаолиятининг самарадорлиги баҳоланиб, баҳолаш натижаларига кўра Андижон ва Сирдарё вилоят адлия бошқармалари энг яхши кўрсаткичларни қайд этди.

Нисбатан паст кўрсаткич қайд этган ҳудудий адлия органлари фаолияти танқид қилинди, фаолиятини янада жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Йўл қўйилган камчиликлар ходимларнинг эътиборсизлиги, камчиликларни олдиндан кўра олиш мумкинлиги ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.






