2017 йил 14 июль куни Президентнинг ПҚ-3135-сон Қарори билан “Эзгу мақсад” халқаро хайрия Фонди ташкил этилган бўлиб, ушбу Фонд 2017 йилнинг август ойидан ўз фаолиятини бошлаган.
Фонд ниҳоят 5 йил деганда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўз эшикларини очди. Кўпчиликни қизиқтираётган Фонднинг маблағлари ва бугунги кунгача қилган ишлари ҳақида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳисобот тақдим этилди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири Моҳинур Рустамова.
Берилган маълумотларга кўра, бугунги кунгача Фонд ҳисоб рақамига 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, 59.3 млрд. сўм ва 670 минг АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикасида фаолиятини юритаётган юридик ва жисмоний шахслардан ҳамда хорижий ташкилотлардан маблағ келиб тушган.
- Фонднинг ҳисоб рақамига келиб тушган ҳар бир маблағ фақатгина хайрия йўлида ишлатилади. Ходимларнинг ойлик-маошлари ёки бошқа шунга ўхшаш харажатларимиз фонднинг банкда очилган депозитлари асосида қопланади. Хайрияга тушган пулларга 5 йил давомида хиёнат қилинмаган. Бу борада барча ҳомийларимиз олдида юзимиз ёруғ! Солиқлар масаласида ҳам айтиб ўтмоқчиман, "Эзгу мақсад" халқаро хайрия фондига солиқлардан ҳеч қандай алоҳида имтиёзлар мавжуд эмас. Солиқлар одатдаги тартибда тўланади. Хасталикка чалинганларни қайси шифохонада ёки қаерда даволанишини унинг ўзи ёки оила аъзолари танлайди. Биз маблағни тўлаб берамиз. Кўпгина беморларни чет элда даволатишимизга ҳам тўғри келяпти. Бугунги кунгача Европа давлатларида, жумладан, Германияда дардига шифо топган юртдошларимиз талайгина, — деди Фонд раҳбари Камола Шарипова.
Маълум қилинишича, 2017-2021 йиллар давомида Фонд томонидан 200 нафар кишига (208 хил жарроҳлик амалиётлари), шу жумладан, ногиронлиги бор болаларга ҳаётини сақлаб қолиш ва тўлақонли яшашлари учун зарур бўлган даволанишларига пул маблағлари ажратилган. Тиббиётнинг турли соҳалари бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётларининг республика касалхоналарида ўтказилишига моддий ёрдам учун Фонд томонидан зарур миқдорда маблағлар ажратилган бўлиб, қаровсиз қолган кекса инсонларга кўмаклашиш, хонадонларини таъмирлаш ишлари, "Мурувват" уйлари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалаларини зарурий жиҳозлар билан таъминлаш учун ҳам Фонд зарур миқдорда маблағ ажратмоқда.






