Бу ҳақда кеча АОКАда ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Ҳусан Тангриев маълумот берди.
Унга кўра, 2023 йил якунига қадар республиканинг барча халқаро аэропортларида "Масофавий божхона назорати" тизими жорий этилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 декабрдан божхона кўриги жараёнлари қамраб олинган мобил электрон тизим ишга туширилади.
Маълум қилинишича, 2022 йил 1 июнга қадар кадрларни очиқлик вa шаффофлик тамойиллари асосида танлаш ҳамда танлов жараёнларининг натижалари интернет тармоғи орқали реал вақт режимида эълон қилиб бориш йўлга қўйилади. 1 сентябрга қадар эса халқаро стандартларга мувофиқ комплаенс назорат тизими тўлақонли ишга туширилади.
Шу жумладан, 2022 йил 1 октябрга қадар божхона юк декларацияларини "Масофавий электрон декларациялаш" божхона постларида расмийлаштириш тартиби жорий қилинади.






