"Ўзбекистон" Халқаро Форумлар саройида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил топганининг 30 йиллиги нишонланди. Бу ҳақда "darakchi.uz" мухбири Ойбек Шукуров хабар берди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева, Президент маслахатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икромов, Осиё Олимпия Кенгашининг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх, ООК Бош директори Ҳусайн Ал Мусаллам, ООК вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва федерациялар раҳбарияти ҳамда кўплаб мартабали меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Олимпия ҳаракати аъзоларига йўлланган табрикни ўқиб эшиттирди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида эса турли номинацияларда ғолиблар тақдирланди.
Унга кўра:
“Олимпиадаларда энг кўп медаль келтирган федерация” – Ўзбекистон бокс федерацияси;
“Олимпия рекордчиларини тарбиялаган федерация” – Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси;
10 йилликлар кесимида Ўзбекистоннинг энг яхши спортчилари:
1. Миржалол Қосимов (1991-2001-йиллар оралиғида),
2. Абдулло Тангриев (2001-2011-йиллар),
3. Оксана Чусовитина (2011-2021-йиллар).
“Олимпия ўйинларида энг кўп медалга эга чиққан спортчи” – Ришод Собиров. Маълумот учун, у Пекин-2008, Лондон-2012 ва Рио-2016 олимпиадаларида бронза медалини қўлга киритган.
“30 йилликнинг енг совриндор мураббийи” – Марат Қурбонов (бокс).
“30 йилликда узлуксиз медалларни қўлга киритган спорт ташкилоти” – Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси.
“30 йилликнинг энг шонли терма жамоаси” – Хиросима-94 Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритган Ўзбекистон футбол миллий терма жамоаси.
“Ёзги Олимпия ўйинларидаги биринчи медаль” – Армен Богдасаров (дзюдо, Атланта-96, АҚШ).
“Ўзбекистоннинг энг ёш Олимпия ўйинлари чемпиони” – Улуғбек Рашитов (Токио-2020, Таеквондо WTF).
Тадбир сўнгида эса эстрадамиз юлдузларнинг чиқишлари меҳмонларга кўтаринки рух бағишлади.






