Ижтимоий тармоқларда Тошкентда “Tracker Primier” ҳайдовчиси томонидан ИИББ ходимини уриб кетгани акс этган ЙТҲ видеоси тарқалмоқда.
Видеода “Tracker Primier” ҳайдовчиси ўзидан олдин ҳаракатланаётган фуқаро Ш. У. нинг бошқарувида бўлган “Cobalt” машинасини ўнг томондан қувиб ўтаётган вақтда тўқнашиб кетади ва шу жойда ўз хизмат вазифасини олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари Йўл-патрул хизмати бригадаси Йўл-патрул хизмати 3-батальони 6-сафарбарлик гуруҳ ЙПХ инспектори А. А. ни уриб юборган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берган эди.
Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизматининг расмий баёнотига кўра, 2022 йил 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида “Tracker Primier” ҳайдовчиси ҳайдовчиси К. У. (1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган, Ҳалқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК ҳайдовчиси, муқаддам судланмаган) га нисбатан жиноят иши кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунига етиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Шунингдек, Ҳалқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК ҳисобидан фуқаровий даъвогар Ш. У. фойдасига 15 469 100 сўм, жабрланувчи А. А. фойдасига жами 4 060 002 сўм етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.
2022 йил 25 апрель куни судланувчи томонидан чиқарилган ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят берилиб, айни пайтда ушбу шикоят Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриш учун расмийлаштиримоқда.
Апелляция шикоятини кўриб чиқиш якуни бўйича қўшимча ахборот берилади, - дейилади Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизматининг расмий баёнотида.






