Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида буюк раҳбар Ҳайдар Алиевнинг таваллуд кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Тадбирда элчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, давлат вакиллари, қардош озарбайжон халқи ва журналистлар иштирок этдилар. "Darakchi.uz" ходимлари ҳам тадбир меҳмони бўлишди.
Дастлаб, маросим иштирокчилари фойеда Буюк саркарда Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва фаолияти, Озарбайжоннинг эришган ютуқлари, мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари, миллий маданиятимизга бағишланган эсдалик совғалари кўргазмаси билан танишдилар.



Тадбирда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев сўзга чиқди.
Элчи жаноблари Ҳайдар Алиев ғояларини муваффақиятли давом эттираётган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат равнақи, унинг иқтисодий қудратини ошириш йўлида муҳим ишларни амалга оширганини ва бу йўналишдаги тадбирлар давом эттирилаётганини таъкидлади. Шунингдек, дипломат буюк раҳбарнинг Озарбайжон-Ўзбекистон дўстона алоқаларини мустаҳкамлашдаги тарихий хизматлари ҳақида гапирди.

Шундан сўнг "Озарбайжонни кашф эт" лойиҳаси доирасида шу номдаги ҳужжатли филмь намойиш этилди. Ҳужжатли филмда Озарбайжоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, пойтахт Боку билан бирга Габала, Шеки, Ганжа, Нахчивон ва Шушанинг диққатга сазовор жойлари, сайёҳлик имкониятлари, тарихий обидалар, ошхона маданияти, шунингдек, маданиятнинг ишғолдан озод бўлган ҳудудларга қайтиши ва ўтказилган улкан тадбирлар акс эттирилган.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи "Fly KHIVA" авиакомпанияси вакиллари Тошкент-Боку рейси учун "Оловлар юртига саёҳат" номли купонларни тадбир иштирокчиларига бепул тақдим этди. Сафар йил давомида амалга оширилиши мумкин.
"Халқларимиз ўртасида ўхшаш жиҳатлар жуда ҳам кўп..."

Рустам Жабборов, журналист:
— Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги тариҳий алоқалар, хоҳ адабиёт соҳасида бўлсин, хоҳ санъат, хоҳ туризм ёки бошқа йўналишларда бўлсин жуда узоқ тариҳий илдизларга бориб тақалади. Мана, бугун ҳам Озарбайжон халқининг буюк фарзандларидан бири, давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмда ҳам бевосита ушбу мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳияти, ҳусусан Ўзбекистон ва Озарбайжон алоқалари ҳусусида ҳам тўхталиб ўтилган. Озарбайжон дилбар ўлка деб айтиш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам халқларимиз ўртасида ўхшаш жиҳатлар жуда ҳам кўп, бу тил соҳасида ҳам, адабиётда ҳам: Ҳазрат Навоийни олайлик, қанчалик Озарбайжон билан боғлайдиган жиҳатлари бор, Навоийнинг ғойибона устоз деб билган зот — Низомий Ганжавий Озарбайжон фарзанди. Мана кейинги йилларда 2 давр ўртасидаги алоқалар тобора мустахкамланиб бориляпти. Жуда кўп ижодкорлар, журналистлар, ёзувчи, шоираларимиз Озарбайжонга бориб келишяпти. Озарбайжонда Ўзбек ёзувчиларини китоблари, асарлари чоп этиляпти. Озарбайжон замонавий ёзувчиларининг, мутафаккирларининг асарлари бизда чоп этиляпти. буларнинг барчаси тили бир, дини бир иккита халқни ўртасидаги бугунги ва келгуси алоқаларни мустахкамлашга хизмат қилади ва ўйлайманки, бугунги тадбирнинг ахамияти ҳам жуда катта. Ҳозирги фильмда Озарбайжоннинг иқтисодий ва туристик салоҳиятларини кўришга муваффақ бўлдик. Ўйлайманки, бундай тадбирларни ўтказилиши икки халқ ўртасидаги дўстлик, муносабатларни, қардошлик анъаналарини мустахкамлашга хизмат қилади.






