1

Остеоартроз касаллиги қандай аломатлар билан намоён бўлади?

САЛОМАТЛИК 24.05.2022, 16:03
Остеоартроз касаллиги қандай аломатлар билан намоён бўлади?

Остеоартрознинг илк белгилари қайсилар? Касаллик ривожланиш босқичида қандай аломатлар билан намоён бўлади? Бу пайтда беморлар нималарга эътибор қаратишлари керак?

ССВ Матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметовнинг ушбу саволларга жавоблари билан ўртоқлашди.  

— Остеоартроз одатда аста-секин ривожланади ва бир бўғимнинг шикастланиши билан бошланади, — дейди  М.Ирисметов. — Аммо маълум вақт ўтиб, хаста бўғимлар сони ортади.  

Остеоартрознинг илк аломатларидан бири — оғриқ. У юрганда, эгилганда, ўтирганда ва бошқа ҳолатларда юзага келади.

Мисол учун, бемор узоқ вақт давомида ўтиргач, ўрнидан қўзғалиб юрмоқчи бўлса, тизза ёки тос-сон, яъни юклама тушадиган бўғимларида оғриқ сезади. Сўнг уч-тўрт қадам ташлагач, аҳволи енгиллашиб, одатдагидай ҳаракатланишда давом этади.  

Бироқ кечки маҳал яна шу бўғимларида оғриқ туради. Яъни бемор кун давомида қанча кўп юрса, ҳаракатланса, жисмоний машғулот билан шуғулланса ёки тик оёқда турса, безовталик шунча кучаяди.  

Ўтириб-туриш ёки эгилиш пайтида қарсиллаш эшитилади. Бемор салга чарчаб қолади, ҳаракати чекланади, бўғимлар шакли ўзгаради ва айрим ҳоларда бироз шишиши кузатилади.

Мутахассиснинг қайд этишича, аста-секин хасталик ривожлана боради. Бунда ҳар қандай ҳаракат чидаб бўлмас даражада кучли оғриқни келтириб чиқара бошлайди. Шу туфайли юриш бутунлай қийинлашади. Бемор бора-бора ўрнидан туриб, қадам босолмай қолади.  

Касалликнинг кокартроз турида тос-чаноқ бўғими шикастланади. Касаллик энди бошланиб келаётганда кечқурунлари беморнинг чов соҳасида оғриқ туради.  

Бемор оғриқдан безовталаниб, туни билан сон-чаноқ бўғимини букиб-ёзади, айниқса, касалланган томони билан ётолмай қийналади. Вақт ўтган сари сон бўғимининг бўшлиғи торая боради, сон суяги бошчасида қўшимча суяклар ўсади, шу туфайли ҳаракат чекланади.  

Бўғимларда оғриқ туришига нафақат суякларнинг ишқаланиши, балки қон айланиши етишмовчилиги ва кислород танқислиги натижасида гипоксия юзага келиши ҳам сабаб бўлади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1