БМТнинг аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси томонидан журналистлар учун пресс-брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда darakchi мухбири Манзура Бекжонова хабар бермоқда.

Унда “Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш” қўшма лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида БМТнинг аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси (ЮНФПА) томонидан Япония ҳукумати молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ССВ ишчи гуруҳи мониторинг натижаларини тақдим этди, шунингдек мутахассислар бачадон бўйни саратонолди касалликларини даволашда термоамбляцияни жорий этиш тажрибаси билан ўртоқлашдилар.
Статистик маълумотлар:
- Лойиҳа доирасида 30-55 ёшдаги 50 000 нафар аёллар ўртасида ОПВ тести ўтказилди.
- Ўтказилган 49140та (98 фоиз) тестдан 3290таси (6,7 фоиз)да организмда вирус мавжудлиги аниқланган.
- Ижобий чиққан ОПВ тестлар бўйича 759 нафар (23 фоиз) аёлга онкология бўлимига йўлланма берилган, жумладан, 9 нафар аёлда (1,2 фоиз) жарроҳлик амалиёти ўтказилган, 237 нафар (31 фоиз) аёл термоамбляция ёки радиотўлқинли коагуляция муолажаларини қабул қилган.
- Лойиҳа доирасида 45 нафар гинеколог, 150 нафар оилавий шифокор, 270 нафар патронаж ҳамшираси ва 77 нафар доя ўқитилган.
Одам папилломаси вирусини (ОПВ) аниқлаш учун ЖССТ, Япония ҳукумати, ЮНФПА ҳамда БМТнинг аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси кўмагида зарур ташхислар ускуналари, тестлар ҳамда дастлабки босқичдаги беморларни даволаш учун 2 дона радиотўлқинли қурилма сотиб олинди.

Қайд этиш зарурки, эндиликда олис туманларда истиқомат қилувчи аёллар онкологик марказларга боришлари шарт эмас, улар ўз поликлиникаларида саратонолди шикастланишларини даволаш бўйича барча хизматлар кўламидан фойдаланишлари мумкин.






