7 646 та маҳаллада раислар сайланди: раисларнинг 4 901 нафари — биринчи маротаба сайланган, 2 742 нафари — амалдаги раислар

ЖАМИЯТ 25.05.2022, 19:20
7 646 та маҳаллада раислар сайланди: раисларнинг 4 901 нафари — биринчи маротаба сайланган, 2 742 нафари — амалдаги раислар

Бу ҳақда АОКАда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Наврўз Мусаев, юридик бўлими бошлиғи Шоира Умарова, ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги КҚ-320-IV-сонли қарори қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг қарорлари билан 14 та кўмаклашувчи комиссиялари тузилди, тадбирлар режалари тасдиқланди, комиссиялар таркибига 357 нафар идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари киритилди.

 Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар кенгашларининг қарорлари билан 207 та кўмаклашувчи комиссиялари тузилиб, 3 952 нафар идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари жалб этилди.

9 349 та маҳаллада сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилиб, 86 428 нафар идора ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари киритилди.

Аҳоли сони, ижтимоий-маънавий муҳит ва ҳудудий географик жойлашуви бўйича маҳалла раисига қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилди.

Республика комиссиясининг 2022 йил 16 мартдаги қарори асосида сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар комиссиялари тасдиқланди.

5-18 апрел кунлари ҳудудларда Республика комиссияси аъзолари томонидан семинар-тренинглар ўтказилиб, уларда 11 минг нафардан ортиқ тингловчилар иштирок этди.

Бундан ташқари, 7-14 май кунлари 3 босқичда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда амалга ошириладиган долзарб вазифалар тўғрисида” семинарлар ўтказилиб, 40 минг нафарга яқин кўмаклашувчи комиссия ва Ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.

Маҳалла раислари лавозимига кўрсатилган 39 661 нафар номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб, бошқарув кўникмалари ва обрўга эга бўлган 26 910 нафар номзодлар тавсия қилинди.

Адлия вазирлиги билан биргаликда 66 минг нусхада ҳужжатлар чоп этилиб, ҳудудларга етказилди:

– “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорларини ўз ичига олган қонун ҳужжатлар тўплами;

– маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда сайлов натижаларига кўра маҳалла органларини шакллантириш бўйича услубий тавсиялар;

– маҳалла раислари сайлови бўйича 100 саволга 100 жавоб;

– “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби бўйича инфографикалар.

16 май кунидан бошлаб сайловлар бўлиб ўтмоқда. 24 май куни ҳолатига кўра 7 646 та маҳаллаларда маҳалла раислари сайланди (битта маҳаллага ўртача 2,4 нафардан номзод).

Сайланган раисларнинг 4 901 нафари- 64,1 фоизи биринчи маротаба сайланди, 2 742 нафари - 35,9 фоизи амалдаги раислар.

Андижонда 79,8 фоиз, Сирдарёда 75,8 фоиз, Бухорода 70,8 фоиз, Тошкент вилоятида 70 фоиз, Қашқадарёда 69,5 фоиз, Жиззахда 68,9 фоиз, Хоразмда 65,7 фоиз раислар биринчи маратоба сайланган.

Ғозғон, Ширин шаҳарларида, Хўжайли туманида 100 фоиз, Чироқчида 98 фоиз, Қибрайда 97 фоиз, Улуғнорда 96 фоиз, Балиқчида 94 фоиз, Мирзачўлда 92 фоиз раислар биринчи маратоба сайланган.

Раисларнинг 861 нафари аёллардан, 237 нафари маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат.

Сайланган раислар маълумоти бўйича:

7 155 нафари (93,6%) олий, 491 нафари (5,2%) ўрта-махсус ва ўрта маълумотга эга.

Жиззахда 98,3 фоиз, Хоразмда 98 фоиз, Сирдарёда 95,8 фоиз, Самарқандда 95,6 фоиз, Бухорода 95,4 фоиз олий маълумотга эга раислар сайланган.

ёши бўйича: 129 нафари (1,7%) 30 ёшгача, 1579 нафари (20,7%) 30-40 ёшгача, 2324 нафари (30,4%) 40-50 ёшгача, 2812 нафари (36,8%) 50-60 ёшгача,  802 нафари (10,5%) 60 ёшдан юқори.

мутахассислиги бўйича:

2519 нафари (32,9%) ўқитувчи, 1077 нафари (14,1%) иқтисодчи,

1215 нафари (15,9%) муҳандис, 481 нафари (6,3%) агроном, 351 нафари (4,6%) ҳуқуқшунос, 62 нафари (0,8%) шифокор, 120 нафари (1,6%) қурувчи, 42 нафари (0,5%) товаршунос, 48 нафари санъаткор ва спортчи (0,6%) ҳамда 1731 нафари (22,6%) бошқалар.

Маҳалла раислари сайловини ўтказиш жараёнида келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилди.

Тизим асосида шу кунга қадар, сайлов жараёнлари билан боғлиқ келиб тушган 809 та мурожаатлардан 516 таси кўриб чиқилди, 293 таси ўрганиш жараёнида. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда сайловлар билан боғлиқ 200 дан ортиқ материалларга расмий муносабатлар билдирилди.

Маҳалла раислари лавозимига сайлов жараёнлари давом этмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1